23 Феврал 2021 йил 1066

Имкониятдан хулоса чиқармади

Инсон ўз нафсини жиловлай олмаса, шубҳасиз унинг қулига айланади. Бундай киши ҳар қандай жирканч ишдан қайтмайди. Жиноят ишлари бўйича Мирзачўл туман суди томонидан кўрилган жиноят ишида шундай шахснинг ҳатти-ҳаракатига ҳуқуқий баҳо берилди. Очиқ суд мажлисида ахлоқ тузатиш жазосини ўтаётган фуқаро яна жиноятга қўл уриб, гиёҳвандлик моддасини сотганлиги ўз исботини топди. Дарвоқе, ушбу шахс аввал ҳам гиёҳвандлик моддасини сотиш билан боғлиқ жиноятда айбланган эди.

Бугун мамлакатимизда адашганларни авф этиш ва уларни жамият ҳаётида фаол бўлишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Тўғри йўлни танлаш эса инсоннинг ўз қўлида. Бироқ бундан тегишли хулоса чиқармаган шахслар афсуски, яна қинғир йўлни танлашади.

59 ёшли Абдуқодир Назаров (исми фамилияси ўзгартирилган) ҳам ана шундай шахслар сирасидан десак муболаға бўлмайди. Боиси у гиёҳванд модда сотганлиги учун жиноят ишлари бўйича Мирзачўл туман судининг 2020 йил 4 ноябрдаги ҳукми билан айбдор деб топилиб, озодликни чеклаш жазосини ўтаётган эди. Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас деганларидек, у яна шу ишга қўл урди. Оқибатда қилмиши учун суд қаршисида жавоб беришига тўғри келди.

Маълум бўлишича, Абдуқодир Назаров Мирзачўл тумани Тошкент қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги ташландиқ дала майдонида ёввойи ҳолда ўсаётган гиёҳвандлик ўсимлигини териб, уни келажакда сотишни мақсад қилган. Туман ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Абдуқодир Назаров яшаш хонадонида мижозга қора рангли полиэтелин пакетда оғирлиги 58,1 грамм бўлган марихуана гиёҳвандлик моддасини икки юз минг сўмга сотган вақтида ушланган.

Суд ҳайъати иш ҳужжатлари билан атрофлича танишди ва судланувчи ҳамда гувоҳларнинг кўрсатмаларини тинглаб, тарафлар фикрини эшитди. Ишда тўпланган далиллар таҳлил қилинди. Кўрилган иш бўйича суд Абдуқодир Назаровга узил-кесил 7 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлади.

Ҳукм эълон қилинди. Қўлида касб-ҳунари бўлган, оилали бир киши берилган имкониятдан тўғри хулоса чиқармаганлиги боис панжара ортида пушаймонликда умрининг яна беш йилини ўтказади. Бир сўз билан айтганда нафс йўлида босилган қадам охир-оқибат яна жарликка олиб келди.

 

Жиззах вилоят ИИБ ахборот хизмати.

Text to speech