29 Август 2020 йил 559

Ишончга муносиб капитан

Капитан Нурбек Авазов билимли, ўз ишига сидқидилдан ёндашади, босиқ ва масъулиятли. Ёш бўлишига қарамасдан яхшигина тажрибага эгалиги яққол сезилади. Жиноятчиликка қарши курашни ҳаётининг мазмуни деб билади.

Нурбек илк суҳбатимиздаёқ ўзи ҳақида ана шундай таассурот уйғота олди. Фикримизча, ёши ўттизни ҳам қораламаган бу йигитга яқинда Жиззах вилояти Дўстлик тумани ИИБ ташкилий бўлинмаси раҳбарлиги ишониб топширилгани ҳам у ҳақидаги мулоҳазаларимиз ўринли эканлигига ишора қилади.

Умуман олганда, ички ишлар органлари ходими бўлиш Нурбекнинг болалик орзуси. Соҳага қизиқишига ички ишлар органларида узоқ йиллар самарали фаолият кўрсатган амакиси, истеъфодаги капитан Абдукарим Назаров сабабчи бўлган. Ўғлининг бу ниятини эшитган шифокор отаси Баҳодир бобо, онаси Олмахон момо чин дилдан қувонди. Чунки улар фарзандлари эл тинчлигини асрашдек оғир ва шарафли вазифанинг уддасидан чиқишига амин эдилар.

Шу тариқа Жиззах вилоятининг Дўстлик туманидаги “Олтин водий” қишлоқ фуқаролар йиғинида туғилиб ўсган Нурбек Авазов 2010 йилда Ўзбекистон Республикаси ИИВ академиясига ўқишга кирди. 2014 йилда олий ўқув юртини тамомлаб, Дўстлик тумани ИИБ жиноят қидирув ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлинмасининг терроризм ва экстремизмга қарши курашиш гуруҳи тезкор вакили лавозимида соҳадаги фаолиятини бошлади. 2019 йилда катта тезкор вакил лавозимини эгаллади. Нурбек Авазов мазкур йўналишда 2020 йилнинг 16 августига қадар хизмат қилди.

Бу даврда соҳа сирларини пухта ўзлаштиришга интилди. Билимларини оширишдан тўхтамади, спорт билан шуғулланди. Ўз устида ишлаб чарчамайдиган мақоламиз қаҳрамони ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш билан бирга рус тилини ўрганаётир. Бўш вақт топди дегунча бадиий асарлар ўқийди. ИИБ ташкилий бўлинмаси бошлиғи сифатида Дўстлик туманининг 3- секторга қарашли Ғафур Ғулом, Саритепа, Бунёдкор маҳаллаларида яшовчи аҳолининг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этишга астойдил киришган.

— Капитан Нурбек Авазов шахсий таркибимиздаги умидли раҳбар ходимлардан бири, — дейди Дўстлик тумани ИИБ бошлиғининг ўринбосари, подполковник Анвар Пиримқулов. — У хизмат фаолияти давомида ўнлаб жиноятларни очишга муваффақ бўлган тезкор ходим. Энди ИИБ ташкилий бўлинма бошлиғи лавозимида эҳтиёжмандларга моддий ва тиббий кўмак кўрсатилишини ташкил этиш, фуқароларни ишга жойлаштириш ҳамда субсидия ва кредитлар ажратилишида яқиндан ёрдам бермоқда. Бу каби тадбирлар аҳолининг ички ишлар органлари ходимларига бўлган ишончни ошираяпти, десам адашмайман. Қолаверса, секторларда қилинаётган ишлар ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишда катта аҳамиятга эга. Шу маънода мазкур йўналишдаги тадбирларни амалга ошириш масъулиятли ва тажрибали сафдошимизга ишониб топширилгани айни муддао бўлди.    

Капитан Нурбек Авазов ҳаётда эришаётган муваффақиятларининг асоси она Ватанимиз Мустақиллиги, мамлакатимизда ҳукмрон тинчлик ва барқарорлик эканлигини яхши англайди. Шу маънода, ўз тақдирини юрт тақдири билан уйғун кўради.   

— Ўтмишда жуда кўп давлатлар, миллатлар йўқолиб кетган, — дейди Дўстлик тумани ички ишлар бўлими ташкилий бўлинмаси бошлиғи, капитан Нурбек Авазов. — Аммо ўзбек миллати ва давлати асрлар синовидан ўтиб, ўзининг мустақилигини асрай олди, тараққиёт йўлида дадил қадамлар қўймоқда. Яна шуниси аниқки, Ватан истиқлоли ва ривожини тинчлик ва осойишталиксиз таъминлаб бўлмайди. Шу боис жамоат хавфсизлигини таъминлаш ишига ҳисса қўшаётганлигимдан фахрланаман.

Мамлакатимиз мустақиллиги билан тенгдош Нурбек Авазовнинг сўзлари ва амалларидан ҳақиқий ватанпарварлик ҳисси уфуриб туради. Озод юртда туғилган, қалби эрк ҳавоси билан тўйинган инсонлар шундай яшамоғи ва фикрламоғи лозим аслида.

 

Алижон АБДУСАТТОРОВ,

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати бош муҳаррири.

    

Text to speech