Исмига муносиб ходим
Ҳаётдан қониқиб яшаш учун қилаётган ишингдан, касбингдан завқ туйишинг керак. Сардор Орифжонов билан суҳбатлашиш асносида беихтиёр шу фикрлар хаёлга келди. Ҳар бир сўзи унинг ички ишлар органлари ходими эканлигидан фахр туйишини сездириб туради. Сардор билан диллашганингиз сайин кўз ўнгингизда ўзини тўлалигича одамлар осойишталигини асрашга сафарбар этган инсон қиёфаси намоён бўлади.
Дарҳақиқат, Сардор самимий, ҳеч кимдан ёрдамини аямайди, оғир вазифаларни зиммасига олишдан қочмайди. Қўл остидаги ходимлар жипслигини таъминлаб, хизматни аъло даражада бажаришга йўналтира олади. Мазкур фазилатлари туфайли сафдошлари уни ҳурмат қилишади, эъзозлашади.
Ҳа айтганча, мақоламиз қаҳрамони Жиззах вилояти ИИБ патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармасининг патруль-пост хизмати батальони гуруҳ командири. Уни соҳага болалик орзуси етаклаб келган. Жиззах шаҳрида туғилиб ўсган Сардор Орифжонов касб-ҳунар коллежини тамомлагач, ҳарбий хизматга жўнаб кетди. 2012 йилда эса Ўзбекистон республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиясининг сержантлар таркибини тайёрлаш олий курсида таълим олди.
Ички ишлар органларидаги фаолиятини Жиззах вилояти ИИБ патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармасининг оммавий тадбирларни ўтказиш вақтида жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича махсус отряди инспектори вазифасида бошлади. Йиллар унинг тажрибасини оширди, соҳанинг тажрибали мутахассисига айлантирди.
У хизмати давомида ўнлаб жиноятларни фош этди, қонунбузарларни ушлади, кимларнингдир эса жонига оро кирди. Сардор кибрланмайди, “Бу бизнинг бурчимиз”, дея ишига аниқ ва лўнда баҳо беради.
Маълумот ўрнида айтиш керак, жорий йилнинг ўтган даврида катта сержант Сардор Орифжонов гиёҳванд моддалар ҳамда ов қуроли сақлаш билан боғлиқ иккита жиноятни фош қилди. Шунингдек, Сирдарё вилоятидаги “Сардоба” сув омбори дамбасидаги ўпирилиш оқибатларини бартараф этишда фаол қатнашди. Сув тошқини хавф солиши мумкин бўлган ҳудудлардан аҳолини кўчириш ҳамда бўшаб қолган яшаш жойларида қаровсиз қолган моддий бойликларни қўриқлашда ички ишлар органлари ходимига хос жасоратни намоён этди.
Пандемия шароитида “Сovid-19” инфекцияси тарқалишининг олдини олиш борасида ҳам сафдошларига ўрнак бўлди. Жумладан, санитария ва дезинфекция ишларини ташкил этиш, карантин қоидаларига амал қилинишини таъминлаш борасида жонбозлик кўрсатди. Табиийки, унинг ҳалол хизматлари ўз ўрнида муносиб баҳоланмоқда. Чунончи, республикамиз Президентининг 2020 йил 23 июлдаги “Коронавирус пандемиясига қарши курашишда фидойилик кўрсатган юртдошларимиздан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармони асосида катта сержант Сардор Орифжонов “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.
- Сардор Орифжонов синчков, интизомли, масъулиятли, чин маънодаги осойишталик ҳимоячиси, — дейди Жиззах вилояти ИИБ ППХ ва ЖТСБ патруль-пост хизмати батальони командири, подполковник Умар Қодиров. — У бўлинма бошлиғи сифатида ташкилотчилик қобилиятини намойиш қилиб, шахсий таркибга намуна бўлмоқда. Шу маънода, жонкуяр сафдошимизнинг мамлакатимиз раҳбари фармони асосида “Шуҳрат” медали билан тақдирлангани барчамизни бирдек қувонтирди.
Қисқаси, Сардор исмига монанд йигит. Халқимизнинг шундай фарзандлари бор экан, юрт тинч, кўнгиллар хотиржам, мулк эса омон.
А.АБДУСАТТОРОВ.