15 Август 2020 йил 651

Истироҳот боғидаги тўқилган ёлғон

Ижтимоий тармоқларда Жиззах вилояти, Пахтакор тумани, Самарқанд маҳалла фуқаролар йиғини, Самарқанд кўчаси 4-А уй 10 хонадонда рўйхатда турувчи Азимова Сирганинг мурожаати тарқалди.

Мурожаатда фуқаронинг Пахтакор тумани марказидаги маданият истироҳат боғига келиб яшаётгани, уйсиз, қаровсиз ҳолда қолгани ва мутасаддилар томонидан ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмаётгани келтириб ўтилган.  

Лекин вазият баён қилинганидек эмас.

Фуқаро Азимова Сирга ўғли Бозоров Қодирбек билан бирга яшаб келади. Уларнинг уйи эски типдаги барак уйлар бўлганлиги сабабли 2019 йилда “Илғор ҳудуд” лойиҳасига тушган. Шу сабабли уларга Пахтакор тумани, Олмазор қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги 2-массивдан 0,3 сотих ер майдони ажратилиб уй қурилишига материаллар учун маҳалла жамғармаси томонидан 15 миллион сўм, хотин-қизлар қўмитаси томонидан 17 миллион сўм пул маблағлари берилган ҳамда уйнинг қурилишида мутасаддилар томонидан мунтазам ёрдам кўрсатилиб келинган.

Шунингдек, фуқарога “Саховат ва кўмак” жамғармаси томонидан озиқ-овқат ва пул маблағлари бериб келинган. Азимова Сирга жорий йилнинг 30 июльдан 12 август кунига қадар қон босимининг ошганлиги сабабли туман тиббиёт бирлашмасида даволаниб чиққан. Даволаниш жараёнида тиббиёт бирлашмаси томонидан дори-дармон олишда амалий ёрдам кўрсатилган.

Азимова Сирга келини Бозорова Дилафрўз билан 2020 йилнинг 12 август куни ўзаро жанжаллашиб уйидан чиққан ва туман марказидаги маданият истироҳат боғига келган. Шу ерда ўзига нотаниш бўлган қизга ўзини видеотасвирга олишини сўраб телефон аппаратини тақдим қилган.

Аслида фуқаро Азимова Сирга “Ўта хавфли рецидивист” бўлиб, муқаддам 2002 йил 12 март куни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан айбли деб топилиб, 9 йилга озодликдан маҳрум этилган. Маҳкумага суд томонидан енгиллик берилиб 2002 йилнинг 3 декабрида жазодан озод этилган. Бироқ, у ўзига тегишли хулоса чиқармасдан 2003 йилда қайта жиноятга қўл уради. Яъни, Ўзбекиситон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми (гиёҳванд ҳамда психотроп моддалар савдоси) билан айбли деб топилиб 10 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Кўриниб турибдики, фуқаро ноқонуний фаолият билан шуғулланиб пул топишнинг осон йўлини ўзига касб қилиб олган.

Дарвоқе, у Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг бир нечта моддаларида кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни ҳам содир этган.

Хуллас, Азимова Сирганинг яшаш уйи бўлсада жамоатчилик эътиборини ёлғон хабарлар тарқатиб тортишга уринганини ҳеч бир восита орқали оқлаб бўлмайди.

Шу ўринда айрим мулоҳазаларимизни билдириб ўтсак. Азимова Сирганинг 2 нафар ўғли нима учун онасини кўчада қолишига шароит яратиб берди? Аёл вақтида фарзандларига тўғри тарбия бера олмаганмиди?

Мазкур хабарни ижтимоий тармоқда тарқатган блогер Шокир Мусаев нима учун масалага юзаки ёндошди?  

Эслатиб ўтамиз: ёлғон маълумот тарқатганлик учун ҳам жавобгарлик бор.

 

 

 

 

Text to speech