Янгиобод туманида 3-сектор масъуллари томонидан аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор тадбирлар амалга оширилмоқда
Янгиобод тумани, Ҳавотоғ қишлоқ фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 1987 йил туғилган Салоҳиддин Боқаев хонадони қишлоқ фуқаролар йиғинида шакиллантирилган “Темир дафтар”даги рўйхатга киритилган. Пандемия даврида ушбу оилага 3-сектор масъуллари ҳамда маҳалла фаоллари томонидан бир қатор ёрдамлар кўрсатилди. Чунончи, фуқарога уйининг том қисмини ёпиш учун 45 та шифер ва ёғочлар берилди. Бундан ташқари хонадон бекаси Нафиса Боқаевага тикув машинкаси ажратилди.
Ушбу маҳаллада истиқомат қилувчи 1988 йил туғилган Бахтиёр Исломов 2-гуруҳ ногирони. Турмуш ўртоғи ҳам доимий ишга эга эмас. Дарҳақиқат, ушбу хонадон ҳам 3-сектор масъуллари томонидан доимий равишда қўллаб-қувватлаб келинмоқда. Аниқроқ, айтадиган бўлсак, оилага озиқ-овқат маҳсулотлари бериб келинди. Оилавий тадбиркорлик билан шуғулланишлари учун эса 50 та жўжа келтирилди.
Умуман олганда, Мамлакатимиз Президентининг 2019 йил 8 январдаги “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида Янгиобод тумани ички ишлар бўлими ходимлари томонидан тизимли ишлар йўлга қўйилган. Чунончи, 3-сектор масъуллари ҳудудда кам таъминланган, кўмакка муҳтож оилаларни иш билан таъминлаш, бандлигини ошириш орқали уларни камбағалчиликдан чиқариш чораларини кўришмоқда.
Хусусан, “Грапе Гарден” масъулияти чекланган жамиятига 3-секторда истиқомат қилувчи кўплаб аҳолини ишга жалб этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Маълумот ўрнида айтадиган бўлсак, узумчиликка асосланган мазкур агрокластерида режага кўра 200 та доимий 400 та мавсумий иш ўринлари мавжуд бўлади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Президентимизнинг халқ хизматида бўлишга доир топшириғи секторларда давлат идоралари масъуллари, ички ишлар органлари томонидан изчиллик билан бажарилмоқда. Табиийки, бу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар мавжуд муаммоларни бартараф этиш, аҳоли турмуш маданиятини юксалтириш учун омил бўлаётир.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати