Янгиобод туманида 3-сектор раҳбарининг сайёр қабули ўтказилди
Янгиобод тумани, Дўстлик маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ўтказилган тадбир аввалида вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи томонидан 6 нафар фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспорти берилди. Шунингдек, тадбир доирасида Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус бўйича иқтидорли ёшларнинг чиқишлари ҳамда бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси уюштирилди.
Шундан сўнг ҳокимлик, прокуратура органлари, корхона, ташкилот, муассаса раҳбарлари ҳамда маҳалла ва қишлоқларидан ташриф буюрган туман аҳолиси иштирокида 3-сектор раҳбарининг сайёр қабули бошланди.
Тадбирда вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи мамлакатимиз раҳбарининг 2019 йил 8 январдаги “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда 2019 йил 17 январда “Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бўйича амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтди.
Хусусан, вилоят ички ишлар бошқармаси масъуллигидаги 3- секторда аҳолининг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш борасидаги тадбирлар ҳақида маълумот берилди. Шундан сўнг фуқаролар мавжуд камчиликлар, уларни ўйлантираётган масалалар юзасидан 3-сектор раҳбарига мурожаат этишди.
Чунончи, Чаканд қишлоғида истиқомат қилувчи фуқаро Исматулла Гулмуродов қишлоғини ичимлик суви билан таъминлаш, Пастки чақир қишлоғидан Тошмурод Абдиев иссиқхона қуриш учун имтиёзли кредит ажратиб бериш, шунингдек, репититорлик фаолияти билан шуғулланиш учун туман марказидан маъмурий бино ажратиш, китоб чоп этишда ёрдам кўрсатиш, иш билан таъминлаш каби масалаларда мурожаатлар тингланди.
Тадбир сўнгида ўрганиш ва вақт талаб қиладиган масалалар бўйича вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи масъулларга тегишли топшириқлар берди.
Албатта, бундай тадбирлар халқимиз дуч келаётган ижтимоий-иқтисодий муаммоларни жойида, тез ва самарали бартараф этишда муҳим аҳамият касб этаётир. Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг аҳоли билан мулоқотлари секторларда белгиланган режа асосида давом этмоқда.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати