Йирик ҳажмда чигит маҳсулотини ўзлаштиришга уринган шахс ички ишлар органи ходимига кўп миқдорда пора бермоқчи бўлди
2020 йил 16 май куни Жиззах вилояти, Ғаллаорол тумани, Мулкуш ҚФЙ, Муллабулоқ қишлоғи ҳудудида “Камаз” русумли 20 Z 206 CA давлат рақам белгили юк автомашинасидан худди шу русумдаги 70 S 732 КА давлат рақам белгили юк автомашинасига чигит маҳсулоти ортилаётгани ички ишлар органлари ходимларининг диққатини тортди. Суриштирув давомида “Камаз” русумли 20 Z 206 CA давлат рақам белгили автоуловда чигит маҳсулотини олиб кетаётган Сирдарё вилояти, Мирзаобод тумани, Меҳнатобод ҚФЙда яшовчи, 1971 йилда туғилган, муқаддам Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168- моддаси (фирибгарлик) ҳамда 211- моддаси, 1- қисми (пора бериш) билан судланган А.А. чигитни Қашқадарё вилоятининг Косон туманига олиб кетаётганлигини маълум қилган.
Аммо ички ишлар органлари ходимлари ҳолат юзасидан тегишли тартибда ҳужжатларни расмийлаштиришга киришганларида А.А. ҳужжатларни расмийлаштирмаслик, ҳужжатларни тергов органларига ўтказмаслик ҳамда юк машинасини чигит маҳсулоти билан бирга Ғаллаорол тумани ИИБ ҳудудидан чиқариб бериш эвазига Ғаллаорол тумани ИИБ ходими Ф.Ж.га 8 миллион сўм миқдорида пулни пора сифатида таклиф қилди. Ходим фуқаронинг хатти-ҳаракатлари ноқонуний эканлиги тўғрисида бир неча марта огоҳлантирган.
Аммо А.А. фикридан қайтмаган. Натижада ички ишлар органи ходими Ф.Ж. мазкур ҳолат тўғрисида Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси раҳбариятига билдирги орқали мурожаат қилди. Ушбу билдиргига асосан Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ўз хавфсизлиги бошқармаси Жиззах вилояти бўйича бўлими ҳамда Жиззах вилоят прокуратураси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда А.А. ИИБ ходимига 6 миллион 950 минг сўм ҳамда 150 АҚШ долларини пора сифатида берган вақтда далилий ашёлар билан холислар иштирокида ушланди.
Айбланувчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 211- моддаси 1- қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати