Жиззахда ходимлар ўртасида мини футбол мусобақасига старт берилди
Ички ишлар органлари ташкил этилганлигининг 30 йиллиги ҳамда 25 октябр – ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан вилоят ички ишлар бошқармаси соҳавий хизматлари, Жиззах шаҳар ва Зомин тумани ички ишлар бошқармалари, барча туманлар ички ишлар бўлимлари ходимлари ўртасида спортнинг мини футбол тури бўйича беллашувга старт берилди.
Мусобақа очилишида Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров спорт тадбирларининг аҳамияти хусусида тўхталиб, иштирокчиларга омад тилади. Шундан сўнг беллашув бошланди. Дастлаб вилоят ички ишлар бошқармаси тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отряди ҳамда транспортда хавфсизликни таъминлаш бўлими ходимлари яшил майдонда учрашдилар.
“Янги Ўзбекистон – янги ички ишлар органлари” шиори остидаги мусобақада жами 21 та жамоа иштирок этаяпти. Икки гуруҳда давом этаётган беллашувнинг биринчи гуруҳида жами 10 та ўйин ўтказилди ва 2 та жамоа ғолиб деб топилди.
Айтиш жоиз, 25 октябр – ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан бугунга қадар спортнинг волейбол тури бўйича Ички ишлар вазирлиги Жиззах академик лицейи ўқувчилари ўртасида волейбол ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаси соҳавий хизматлари, лицей ҳамда 40-сон давлат мактабгача таълим ташкилоти ишчи ходимлари иштирокида 3 минг метрга юриш беллашувлари ўтказилди. Бундан ташқари, 3 минг метрга югуриш, ҳарбий спорт ўйинлари, жанговар спорт ва шарқ якка кураш турлари бўйича кўргазмали чиқишлар қилиниб, ҳарбий техникалар ва махсус воситалар ҳам намойиш этилади.