Камчиликлар таҳлил қилинди
Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасида соҳа ходимларининг жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини таъминлашга қаратилган фаолияти муҳокама этилди. Видеоконференц алоқа тарзида уюштирилган тадбирда ҳудудий ички ишлар органлари ҳамда соҳавий хизматлар масъуллари қатнашдилар. Йиғилиш аввалида бошқарма бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров сўзга чиқиб, мамлакатимизда кечаётган сиёсий, ижтиомий-иқтисодий ислоҳотлар, хусусан, ички ишлар органлари тизимидаги ўзгаришлар ҳақида фикр юритди.
Шундан сўнг нотиқ эришилган натижалар ҳамда йўл қўйилган камчиликлар ҳақида атрофлича маълумот берди. Чунончи, ҳисобот даврида Жиззах вилояти ИИБда “102” автоматлаштирилган маълумотлар тизими йўлга қўйилган. Ички ишлар органлари таянч пунктлари негизида босқичма-босқич маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканларини юзага келтириш ва маъмурий суд жараёнларида онлайн қатнашиш шароити яратилмоқда.
Вилоятда умумий жиноятчилик сезиларли даражада ортишига йўл қўйилган. Шу маънода, бир қатор соҳавий хизматлар ва ҳудудий ички ишлар бўлимлари фаолияти танқид остига олинди. Жумладан, жиноятларнинг асосий салмоғи тўғри келадиган Жиззах шаҳри, Шароф Рашидов, Дўстлик, Мирзачўл ва Янгиобод туманлари ҳудудий ички ишлар бўлимлари раҳбарларига ҳолатни ўнглаш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.
Йиғилишда ошган жиноят турлари ва уларни келтириб чиқарувчи омиллар муҳокама этилди. Мисол учун, фирибгарлик, ўғирлик жиноятларининг кўпайишига тарғиботнинг етарли даражада олиб борилмаётгани сабаб қилиб кўрсатилди. Мазкур жиноятлар фуқароларнинг ўзларига тегишли мол-мулкларни қаровсиз қолдириши оқибатида содир бўлган. Профилактик ишларнинг тўғри йўлга қўйилмагани, таъсирчан тушунтириш усулларидан фойдаланилмаётгани бу турдаги жиноятларнинг кўпайишига туртки бўлаётгани билдирилди.
Йиғилишда йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар ҳам қониқарли эмаслиги айтилди. Кўнгилсиз воқеаларнинг асосий қисми Жиззах шаҳри, Бахмал, Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Пахтакор, Зомин, Янгиобод, Дўстлик, Мирзачўл туманларида кузатилган. Болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисалари ҳам ошган. Шу боис назоратни кучайтириш, автоҳалокатлар кўпроқ содир бўладиган вақтларда рейдлар ташкил қилиш, кузатув камераларидан самарали фойдаланиш юзасидан топшириқлар берилди.
Йиғилишда бир қатор ҳудудий ички ишлар бўлимлари ва соҳавий хизматлар раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди
Тадбирда нуқсонларга йўл қўйган айрим масъулларга интизомий чоралар кўрилди. Якунда қонунбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишга оид муҳим вазифалар белгилаб олинди.