Кинология хизмати ходимлари синов имтиҳонларини топширишди
Жиззах вилоят ички ишлар бошқармаси патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси кинология хизмати фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими ходимлари навбатдаги малака синов имтиҳонини топширишди.
Малака синов имтиҳони аввалида жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, гиёҳвандлик воситалари, портловчи моддалар, қурол ва ўқ-дориларни аниқлашда кинология хизматининг ўрни эътироф этилиб, мазкур тадбир ходимларнинг иш фаолияти самарадорлигини янада яхшилашда муҳим ўрин тутиши таъкидланди.
Шундан сўнг кинологлар хизмат итлари ёрдамида умумий ва махсус курс йўналишлари бўйича синовдан ўтказилди. Хусусан, хизмат итларининг буйруқларни бажариш, из олиш, гиёҳвандлик воситалари, қурол-аслаҳа ва портловчи моддаларни қидириб топиш кўникмалари баҳоланди.
Синов имтиҳони “Лиза” лақабли хизмат ити билан из олиш борасида ҳар жиҳатдан устунлигини намойиш қилди. Худди шундай Лиза сафдор Султон Ҳайдаровнинг буйруқларини бекаму кўст бажарди.
Маълумот ўрнида айтиш керак, Жиззах вилоят ички ишлар бошқармаси патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси кинология хизмати фаолиятини мувофиқлаштириш бўлимида 48 та жонивор хизматга ўргатилиб, парваришланмоқда.
Хизмат итларининг портловчи жисмларни излаш, ўғриликни фош этиш, гиёҳвандлик моддаларини топиш, жиноятчиларни тутишга оид кўникмалари мунтазам ошириб борилади.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати.