Коранавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишда барчамиз масъулмиз!
Ижтимоий тармоқларда журналист Алишер Рўзиохунов Жиззах вилоятининг Дўстлик туманидаги карантин блок постида хизмат олиб бораётган ички ишлар органлари ходими унга нисбатан нотўғри талаб қўйганлиги, шунингдек, Дўстлик туманига киритилмагани тўғрисида видео чиқиш қилди.
Дарҳақиқат, 2020 йилнинг 24 июнида Сирдарё вилоятининг Оқ олтин тумани ҳамда Жиззах вилоятининг Дўстлик тумани чегарасидаги Қаҳрамон МФЙ ҳудудида жойлашган карантин блок постида Жиззах вилояти ИИБ ходими Дўстлик туманига Сирдарё вилоятидан кириб келган 60 S 177 NA рақам белгили “Nexia 3” русумли автоуловни тўхтатиб, ҳайдовчи ва автоуловдаги йўловчилардан шахсни тасдиқловчи ҳужжатларини сўраган. Автоуловни бошқараётган Алишер Рўзиохунов бўлса, ходимнинг йўл-патруль хизмати ходими эмаслигини билдириб, ҳужжатни тақдим этишдан бош тортган.
Аслида карантин блок постларида хизмат олиб бораётган ички ишлар органлари ходими қайси соҳавий хизмат вакиллари бўлишидан қатъи назар ҳудудга кириб келаётган фуқароларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари билан танишишга ҳақли. Бундан кўзланган мақсад уларнинг шахсига оид маълумотларни қайд этишдир. Мазкур талаблар республика Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 мартдаги “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи томонидан 2020 йил 18 майда қабул қилинган қарорда ўз ифодасини топган. Қолаверса, Жиззах вилояти ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси шахсий таркиби миқдори вилоятдаги барча карантин блок-постларини ЙПХ ходимлари билан таъминлаш имконини бермайди.
Шу маънода, Алишер Рўзиохуновнинг ички ишлар органлари ходимига шахсни тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этмаслик тўғрисидаги фикрлари ноўрин. Қолаверса, журналист ҳужжатни тақдим қилганида гап соғлиққа оид маълумотномага бориб тақалмаслиги тайин эди. Худди шундай, видео чиқиш ҳам ижтиомий тармоқларда тарқалмаган бўлармиди?
Унутмаслик керак, ҳар биримиз “COVID-19” тарқалишининг олдини олишга масъулмиз. Зеро масала ўзимиз ва яқинларимиз соғлиги ва ҳаётига дахлдор.