9 Декабр 2020 йил 709

Коррупция - ҳалокатга йўл

Коррупциялашган жамиятда пора иш битиришнинг асосий воситаси ҳисобланади. Бундай шароитда давлат идоралари томонидан пул ундириш мақсадида сунъий тўсиқлар юзага келтирилади, бюрократия авж олади. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар талаб даражасида ишламайди, қонун устуворлиги йўққа чиқади.

Мутахассислар таъкидига кўра, давлат хизматини ташкил этишдаги нуқсонлар ва давлат хизматчиларининг руҳияти коррупция ва иқтисодий жиноятларни юзага келтиради. Порахўрлик фуқаро ва давлат вакили ўртасидаги маъмурий муносабатлар моҳиятини ўзгартириб юборади. Бу иллат давлат органлари ходимларининг моддий ёки мулкий йўсинда ғайриқонуний йўл билан шахсий наф кўриш мақсадида ўз хизмат мавқеидан фойдаланиши тарзида намоён бўлади. Коррупция ва иқтисодий жиноятлар ҳокимиятнинг обрўсизланиши, давлатнинг сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий тизимига путур етишига сабаб бўлади.

Оқибатда давлат идоралари, хусусан, бошқарув органлари фаолиятига нисбатан норозилик кучаяди. Бундай жамиятда тараққиёт, барқарорлик, демократия ҳамда инсон ҳуқуқларининг таъминланиши хусусида унутишга тўғри келади. Бу ўз навбатида амалдаги ҳокимиятга нисбатан норозиликни келтириб чиқаради ва давлатнинг инқирозига сабаб бўлади.

Шу маънода, сўнгги йилларда республикамизда мазкур иллатни баратараф этишга қаратилган қонунчилик изчил такомиллаштирилмоқда. Коррупцияга қарши қатъий кураш чоралари белгиланаётир. Хусусан, бу йўналишда алоҳида агентлик фаолияти йўлга қўйилди. Худди шундай, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан мазкур турдаги жиноятларнинг олдини олиш ва фош этишга қаратилган чора-тадбирлар кучайтирилмоқда.

Мавзуга  вилоят ички ишлар бошқармасининг жиноят қидирув бошқармаси коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими фаолияти мисолида ёндашадиган бўлсак, жорий йилнинг ўтган даврида бўлим ходимлари томонидан 38 та жиноят фош этилганлигини эътироф этиш жоиз.

Чунончи, Жиззах давлат педагогика институти талабаси вилоят ички ишлар бошқармасига мурожаат қилиб, ундан пора талаб қилишаётганлигини билдирган. Маълум бўлишича, вилоятнинг Ғаллаорол тумани Маржонбулоқ шаҳарча фуқаролар йиғинида жойлашган ўрта умумтаълим мактаби директори пандемия шароитида онлайн тарзда ўқиётган 4- босқич талабасини ишга қабул қилган.

Аммо талаба биринчи маошини олиши билан директор 400 АҚШ доллари миқдорида пора сўрайди. Агарда у айтилган пулни бермаса, талаба билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишини таъкидлайди.

Талабанинг аризаси асосида коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан тезкор тадбир уюштирилди. Эътиборлиси, директор пулни шу мактабда лаборант бўлиб ишловчи қайинсинглиси орқали олган. Қисқаси, махсус ишлов берилган 4 миллион сўмни олган қайинсингил жиноят содир этган вақтда ушланди. Ўз навбатида у  пулни директор талаби билан олганлигини билдирди.

Шунингдек, Зарбдор туманининг Оқбулоқ маҳалласида яшовчи фуқаро мурожаат қилиб, маҳалладаги ҳарбий ҳисоб бошлиғи лавозимида ишловчи шахс муддатли ҳарбий хизматга жўнатиш учун ундан 1000 АҚШ доллари миқдорида пора талаб қилганлигини маълум қилган. Ҳисоб бошлиғи масалани Зарбдор тумани мудофаа ишлари бўйича бўлимида ишловчи таниши орқали ҳал қилиб беришни ваъда қилган. Бу гаплардан шубҳаланган фуқаро Зарбдор тумани мудофаа ишлари бўйича бўлимида хизмат қилаётган ходим билан учрашган. Ўз навбатида ходим 800 АҚШ доллари сўраган.

Хуллас, коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан тезкор тадбир уюштирилди. Тадбир давомида Зарбдор тумани мудофаа ишлари бўйича бўлими ходими ҳамда шу бўлимнинг бўлинма бошлиғи чақирилувчидан келишилган 800 АҚШ долларидан 500ини олган вақтда ушланди.

Худди шундай, Мирзачўл тумани санитария эпидемиология осойишталик марказининг бир гуруҳ ходимлари мурожаати асосида коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими томонидан суриштирув амалга оширилди. Бу жараёнда Мирзачўл тумани санитария эпидемиология осойишталик маркази бош шифокори 2019 йилнинг октябрь ойида 24 нафар ходимнинг, декабрь ойида эса 22 нафар ходимнинг тўлов пластик карталарига жами 85 миллион 533 минг сўм рағбатлантириш пулларини ўтказганлиги, сўнгра бу пулларни мажбурий тарзда ўзи ва турмуш ўртоғининг тўлов пластик карталарига тушириб олганлиги аниқланди.

Яна бир ҳолат: Бахмал туманининг Мўғол қишлоғида яшовчи фуқаро номига 20 миллион сўм кредит расмийлаштирилганлигини билиб қолади. Вилоят ички ишлар бошқармасининг жиноят қидирув бошқармаси коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан ўтказилган суриштирув давомида ушбу қонунбузарликни Бахмал тумани Ўсмат шаҳарчасида яшовчи, туман тиббиёт бирлашмасида масъул лавозимда ишловчи шифокор содир этгани аниқланди.

Ўрганишлар давомида у жами 17 нафар фуқаронинг номига сохта ҳужжат расмийлаштириб, 360 миллион сўм кредит олгани ва ўзлаштириб юборгани маълум бўлди. Табиийки, фирибгарликка банк ходимлари бош қўшишган. 

Вилоят ички ишлар бошқармасининг жиноят қидирув бошқармаси коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ходимларининг фаолияти иқтисодий жиноятларнинг олдини олиш, жазо муқаррарлигини таъминлаш, бюджет ва фуқароларга етказилган зарарларни қоплаш учун хизмат қилмоқда. 

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати

 

 

 

Text to speech