Кўмакчилар доим ёрдамга шай
Бир қатор соҳаларда ёрдамига таяниладиган хизмат итлари жиноятчиликка қарши курашда муҳим ўрин тутади. Шу боис мамлакатимизда, хусусан, вилоятимизда кинология изчил ривожлантирилмоқда. Хизмат итларининг қандай бўлиши кўп жиҳатдан кинологнинг тажрибасига боғлиқ. Кинолог қанчалик чидам ва сабр билан ўзига бириктирилган жониворни ишга ўргатса, шунчалик юқори натижага эришади. Шу ўринда айтадиган бўлсак, хизмат итларининг энг асосий иқтидори ҳид сезишидир.
Худди шундай, бу турдаги итлар қидирилаётган шахсни узоқ масофага таъқиб этади, топганидан сўнг унинг қўлидаги қуролни тортиб олишнинг уддасидан чиқади.
Шунингдек, хизмат итлари постларда хавфли юклар ва жиноятчиларни аниқлаш вазифасини бажарадилар. Агарда жиноят содир этилгудек бўлса, тергов тезкор гуруҳи билан воқеа жойига чиқишади. Табиийки, тажрибали ва маҳоратли кинологларнинг хизмат итлари ҳар қандай чигал жиноятни очишга ёрдам беради.
Маълумот ўрнида айтадиган бўлсак, жорий йилнинг ўтган вақтига қадар хизмат итлари кўмагида 106 та ўғрилик, талончилик, қотиллик, гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятлар фош этилган. Очилган жиноятчилардан эса 41 килограммдан ортиқ наркотик моддалар олинди.
Дарвоқе, вилоятимиз кинологлари ўзларининг хизмат итлари билан биргаликда турли танлов ва мусобақаларда ҳам иштирок этишиб, мунтазам олиб борилаётган машқалари ҳамда билим ва кўникмалари натижаси ўлароқ фахрли ўринларни қўлга киритиб келишмоқда.
Айтиш жоизки, хизмат итларининг соғлиги мутахассис ветиринарлар томонидан мунтазам назорат қилиб борилади. Қисқаси, вилоят ички ишлар бошқармаси патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси таркибидаги кинология хизмати ўзининг хизмат итлари ёрдамида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида қатор тадбирларни амалга ошириб келишмоқда.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати