Кун қаҳрамони: катта сержант Аҳрор Ҳасанов
Катта сержант Аҳрор Ҳасанов 1987 йилда Жиззах вилояти Бахмал тумани Барлос қишлоғида туғилган. 2008 йилда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси қошидаги сержантлар таркибини тайёрлаш олий курсини тамомлаб, Жиззах вилояти ИИБ патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси 1- отрядида гуруҳ командири лавозимида соҳадаги хизматини бошлади.
2016-2017 йилларда Жиззах вилояти ИИБ патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармасининг кинология тизимида фаолиятини давом эттирди. Айни вақтда у Жиззах вилояти ИИБ ППХ ва ЖТСБ батальони ижтимоий, сиёсий, оммавий, маданий тадбирларни ўтказишда хавфсизликни таъминлаш отрядида бўлинма командири. Аҳрор Ҳасанов масъулиятли, ўз хизмат вазифасига сидқидилдан ёндашади, катта хизмат тажрибасига эга.
Жорий йилнинг ўтган даврида Аҳрор Ҳасанов томонидан гиёҳванд моддалар сақлаш, қўшмачилик, ўғрилик каби 8 та жиноят фош этилди. Жумладан, 13 сентябрь куни тунги соат 1.30да ўз хизмат вазифасини бажараётган Аҳрор Ҳасанов Жиззах шаҳрининг Мирзо Бобур маҳалласидаги кўп қаватли уйлардан бири ёнида кепкасини бостириб кийган йигитни кўриб қолди.
Катта сержант уни кузата бошлади. Йигит бошқа бир тенгдоши билан учрашди. Шу вақтда Аҳрор Ҳасанов уларнинг қўлларидан маҳкам тутиб, ярим тунда юришлари сабаби билан қизиқди. Шу пайтда йигитлардан бири қўлидаги чизғичини енгига, бошқаси эса қўлқопини кийимларига ичига яшира бошлади. Бу ходимнинг эътиборидан четда қолмади.
ППХ ходими мазкур ҳудудда бўлган профилактика инспектори ёрдамида шубҳали шахсларни ички ишлар органлари таянч пунктига олиб кетаётган вақтда яна бир йигит келиб қолди. Уни ҳам хизмат машинасига чиқаришди. Бу жараёнда унинг ёнидан қўлбола (калтак) бита топилди.
Дастлабки суриштирув давомида Жиззах вилояти Пахтакор тумани Дилором маҳалласида яшовчи, 2001 ва 2004 йилларда туғилган бу йигитлар тунда автоуловларни эшигини чизғич ёрдамида очиб, ичидаги пул ва буюмларни ўғирлаш ҳамда талончилик билан шуғулланганликлари аниқланди. Шу тунда улар Мирзо Бобур маҳалласидаги 2 та автомашинадан пул ва буюмлар олишган. Жиноий шериклар Жиззах шаҳридаги Заргарлик ва Иттифоқ маҳаллаларида ҳамда Самарқанд вилоятида айни мазмундаги жиноятларни содир қилганликларини тан олишди.
Тергов давом этмоқда, сержантнинг зийраклиги ва ўз вақтида чора кўриши натижасида яна бир қанча жиноятлар фош этиладиган кўринади. ППХ ходими Аҳрор Ҳасанов Сардоба туманида сув босиш оқибатларини бартараф этиш, аҳоли пунктларида жамоат хавфсизлигини таъминлашда ҳам фаол қатнашган. Худди шундай, Жиззах вилоятида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш тадбирларида мунтазам иштирок этмоқда. Катта сержант Аҳрор Ҳасанов Жиззах вилояти ИИБ патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси шахсий таркибининг энг намунали ходимларидан биридир.
Алижон АБДУСАТТОРОВ