25 Сентябр 2020 йил 620

Кун қаҳрамони: сержант Улуғбек Донишев

Сержант Улуғбек Донишев 1982 йилда Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида туғилган. 2003 йилда Фарғона вилояти ИИБ ўқув марказида таълим олди. Шу йили Жиззах вилояти ҳузуридаги қўриқлаш бўлими алоҳида отрядига хизматга қабул қилинди. 

Улуғбек Донишев ички ишлар органлари тизимида турли лавозимларда фаолият кўрсатди. Айни вақтда Жиззах вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси йўл-патруль хизмати отряди 2-сафарбар гуруҳи йўл-патруль хизмати инспектори лавозимида хизмат қилмоқда.

Улуғбек Донишев масъулиятли, меҳнатсевар, ўз хизмат вазифасига сидқидилдан ёндашади, амалий хизмат тажрибасига эга. Ёш ходимларнинг билим ва кўникмаларини ошириш ҳамда уларни вазифаларини тўғри бажаришга йўллай олиши билан шахсий таркибда хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлашга ҳиссасини қўшмоқда. 

Жорий йилнинг ўтган даврида Улуғбек Донишев томонидан бир қатор жиноятлар фош этилди. Чунончи, 23 январь куни йўл-патруль хизмати инспектори томонидан “Манас-14” ЙПХ масканидан “Nexia” русумли автолоуловда опий гиёҳвандлик воситасини олиб ўтаётган фуқаро ушланди.

20 март куни эса Жиззах вилоятининг Пахтакор туманида “Nexia”да марихуана гиёҳвандлик моддасини олиб кетаётган шахсни қўлга олди. Худди шундай, у Жиззах вилоятининг Фориш туманида яшовчи, ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-тарож қилиш ҳамда мансаб сохтакорлиги жиноятларини содир этишда айбланиб, терговдан қочиб юрган шахснинг Самарқанд шаҳридаги яширин манзилини аниқлашга муваффақ бўлди.    

 Бу даврда Улуғбек Донишев томонидан 2 мингдан ошиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар аниқланди. ЙПХ инспектори Сардоба туманида рўй берган сув тошқини пайтида аҳолини ҳудуддан кўчириш, сув босиш оқибатларини бартараф этиш, аҳоли пунктларида қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилаётган даврда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда ҳам фаол қатнашди.

Улуғбек Донишев Жиззах вилоятида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида юзага келтирилган тўсиқ постларида мунтазам хизмат олиб борди. Шунингдек, йўл-улов ҳодисаларининг олдини олишга қаратилган амалий ҳамда тарғибот тадбирларини уюштиришда юқори самарадорликка эришаётир. Улуғбек Донишев Жиззах вилояти ИИБ ЙҲХБ шахсий таркибининг энг намунали ходимларидан биридир. 

 

А.Абдусатторов.

Text to speech