Кўнгилларимиз хотиржамлиги сиз туфайли
Жиззах вилояти Мирзачўл тумани ички ишлар бўлими бошлиғи, подполковник Аслиддин Жалолов она Ватанимиз мустақилликка эришган кунни қўшалоқ байрам сифатида қаршилайди. Боиси у айни шу қутлуғ санада Жиззах вилоятининг Бахмал туманидаги Шўрбулоқ қишлоғида туғилган.
Аслиддин Жалоловнинг юрагида бу касбга муҳаббатни Жиззах вилояти ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси тизимида фаолият кўрсатган отаси Муҳиддин Жалолов уйғотган. Ўрта умумтаълим мактабини тамомлаган Аслиддин Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академиясида таълим олиш нияти борлигини маълум қилганида Муҳиддин бобо ажабланмади. Чунки ўғлининг кўнглидагиларини сезиб юрганди, иккиланмасдан қўлини дуога очди.
Мактабда астойдил ўқигани, спорт билан мунтазам шуғуллангани асқотиб, 1997 йилда ИИВ Академияси тингловчилари сафидан жой олди. Соҳадаги фаолиятини 2001 йилда Жиззах шаҳрида профилактика инспекторлигидан бошлади. Аслиддин Жалолов ўзини интизомли ва билимли ходим сифатида намоён этди. Натижада Жиззах шаҳар ИИБ жиноят қидирув ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш гуруҳи тезкор вакили лавозимига тайинланди.
Кейинчалик Жиззах вилояти ИИБ жиноят қидирув ва терроризмга қарши курашиш бошқармасининг уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлимига ўтказилди. 2007 йилдан бошлаб ушбу бўлимнинг наркотрафик ва гиёҳванд моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши курашиш бўлинмасида катта тезкор вакил лавозимида фаолият кўрсата бошлади. Ундан сўнг Бахмал тумани ИИБ жиноят қидирув ва уюшган жиноятчиликка курашиш бўлинмасида хизматини давом эттирди.
2009 йилда Янгиобод тумани ИИБ бошлиғи ўринбосарлигига тайинланди. 2011-2012 йилларда ИИВ Академияси олий академик курсида билимларини оширди. Ўқишдан қайтгач, Жиззах вилояти ИИБ жиноят қидирув ва терроризмга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари, Жиззах вилояти ИИБ наркотрафик ва гиёҳванд моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши курашиш бўлими бошлиғи лавозимларида ишлади. 2015-2018 йилларда Арнасой тумани ички ишлар бўлимини бошқарди. 2018 йилдан буён Мирзачўл тумани ички ишлар бўлимига раҳбарлик қилаётир.
Сезганингиздек, Аслиддин Жалолов бой тажриба соҳиби. Мазкур жиҳат у раҳбарлигидаги шахсий таркибнинг қонунбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишга қаратилган фаолияти натижадорлигини таъминламоқда.
— Подполковник Аслиддин Жалолов шахсий ибрат йўли билан қўл остидаги ходимларни самарали бошқариб келмоқда, — дейди Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, полковник Жўрабек Авазов. — У бошлиқ жамоада билим, интизом, қонунийлик, бурч ва масъулият хизматнинг асосига айланади. Шунга мос равишда жамоат хавфсизлиги таъминланиб, кўрсаткичлар ижобий мазмун касб этади.
Дарҳақиқат, бундай натижа замирида жонкуярлик, куну тун иссиқ-совуқ демасдан қилинаётган меҳнат мужассам. Қолаверса, сўнгги йилларда соҳа моддий-техник базаси изчил мустаҳкамланаётир. Жумладан Арнасой тумани ИИБ биноси 1 миллиард 400 миллион сўм сарфланиб, таъмирдан чиқарилди. Шахсий таркиб замонавий техника, алоқа воситалари ҳамда қурол-аслаҳа билан таъминланмоқда.
— Бу ўзгаришлар мустақил юртимизда амалга оширилаётган улкан ислоҳотларнинг натижасидир, — дейди подполковник Аслиддин Жалолов. — Ўз навбатида биз — ички ишлар органлари ходимлари бор салоҳиятимиз билан халқимизга хизмат қилишимиз керак. Токи элимизнинг эрки, тинчлиги ва осойишталигига ҳеч қандай куч, хусусан, жиноятчилик рахна сололмасин. Ишонтириб айта оламанки, бу вазифани бекаму кўст уддалаймиз.
Мақоламиз қаҳрамони таъкидлаганча бор, мамлакатимизда жиноятчиликнинг чуқур илдиз отишига йўл қўйилмаяпти. Бунга ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш тизимининг кучайтирилиши ҳамда замонавий технологияларни кенг жорий этиш орқали эришилмоқда. Асосийси, соҳа ходимлари ўз вазифаларига фидокорлик билан ёндашмоқдалар.
— Турмуш ўртоғим туғилган кунини уйда нишонлаганлигини эслай олмайман, — дейди Аслиддин Жалоловнинг рафиқаси Наргиза Жалолова. — Чунки шу куни бутун халқимиз юртимиз Мустақиллигини нишонлайди. Байрамларда эса ички ишлар органлари ходимлари эл осойишталигини таъминлашга ҳар қачонгидан кўра масъулият билан киришадилар.
Ҳа, Аслиддин Жалолов каби қонун посбонлари туфайли байрамларимизни шукуҳ, кўнгилларимизни хотиржамлик тарк этмайди, болаларимиз юзидан қувонч аримайди.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати.