Курсант бўламан
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жиззах академик лицейи. Пештоқини ана шу сўзлар безаб турган бинога кириб келган Дилшоднинг кўнглини беихтиёр ғурур ҳисси тўлдирди. Қувонмасинми, ахир бу ерда ўқиш ҳаммага ҳам насиб қилавермайди.
Дарҳақиқат, мазкур таълим муассасаси ўқувчилари қаторидан жой олиши осон кечмаган. Тиббий кўрик, билим ва дунёқарашни аниқлашга қаратилган икки босқичли суҳбат, психологик тест, имло, грамматика ва адабиётга оид билимларини баҳолаш мақсадида ўтказилган ёзма иш, жисмоний тайёргарлик синови, бир қатор фанлар бўйича билим даражасини белгиловчи якуний тест топширган. Хуллас, ўнлаб ўқувчилар орасидан саралаб олинганлар шу ерда.
Айтганча, лицейда ҳамиша сокинлик ҳукмрон. Бунга сабаб ички ишлар органлари тизимига хос тартиб-интизомга амал қилинишидир. Қолаверса, билим муассасасига ҳаётдаги мақсадини аниқ белгилаб олганлар, хусусан яқин келажакда қайсидир олий ўқув юртининг талабаси бўлишни ният қилганлар тўпланган. Яъни, уларда шўхлик ёки бекорчи ҳаракатлар учун вақтнинг ўзи йўқ.
Бу ерда ўқиётганларнинг бир қисми аллақачон муайян натижаларга эришиб бўлган. Мисол учун 17 ёшли Шаҳбоз Мўминов республика миқёсида ўтказилган чемпионатларда 13 та олтин медални қўлга киритган. Қўл жанги бўйича мамлакат терма жамоасининг аъзоси, спорт устаси.
2018 йилнинг май ойида Россиянинг Уфа шаҳрида бўлиб ўтган Осиё ва Евроосиё чемпионатида кумуш медаль соҳиби бўлган. Ўша йили сентябрь ойида Россиянинг Тула шаҳрида уюштирилган Жаҳон чемпионатида 2- ўринни эгаллади. 2019 йилда Алматида ташкил этилган Жаҳон чемпионатида ҳам кумуш медални қўлга киритди. Айни вақтда Шаҳбоз 2021 йилнинг февраль ойида пойтахтимизда ўтказилажак саралаш баҳсларига ҳозирлик кўрмоқда. Агарда бу мусобақада ҳам омади келса яна бир Жаҳон чемпионатида иштирок этади.
Бундай натижаларга спорт усталари Зилола Қипчоқова ва Асадбек Бўрибоев ҳам эришган. Умуман олганда лицейда мамлакат миқёсидаги спорт мусобақаларида юқори кўрсаткичларни қайд этаётган ўнга яқин ёшлар таълим олади. Жумладан, лицей спортчилари шу йилнинг 6-8 март кунлари Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида қўл жанги бўйича ўтказилган чемпионатда 3 та олтин, 2 та кумуш, 3 та бронза, 11-15 март кунлари Тошкент шаҳрида аралаш жанг санъатининг ММА йўналиши бўйича ташкил этилган мусобақада 2 та кумуш, 1 та бронза, айни шу спорт тури бўйича 22-25 сентябрь кунлари Бухорода уюштирилган чемпионатда 2 та кумуш, 25-28 ноябрь кунлари Қарши шаҳрида қўл жанги бўйича бўлиб ўтган мусобақада 2 та олтин ва 3 та бронза медалини қўлга киритишди.
Бошқа соҳаларда ҳам лицей ўқувчилари фаол. Бинобарин, 2018 ва 2019 йилларда Азиза Шокирова ҳамда Зуҳра Йўлчиева Зулфия номидаги Давлат мукофотларига сазовор бўлишган. Дилшоднинг ўзига келадиган бўлсак, мактабда ўқиб юрган кезлари тарих фанидан республика миқёсида ўтказилган билимлар беллашувида икки марта биринчи ўринни қўлга киритган. 9 ёшидан буён шахмат ўйнайди ва бу спорт тури бўйича вилоят миқёсида бўлиб ўтган чемпионатда шоҳсупанинг 3- поғонасига кўтарилган. 2020 йилнинг февралида республикамиздаги ҳарбийлаштирилган лицейлар ўқувчилари иштирокида ташкил қилинган “Билимдон ватанпарвар” фан олимпиадасида тарих фанидан 2-ўринни қўлга киритди.
Лицейда Дилшод ва унинг тенгдошлари комил инсон бўлиб шаклланишлари, умумтаълим ҳамда умумкасбий фанларни пухта ўзлаштиришлари учун барча шароитлар яратилган. Жумладан, ўқувчилар замон талабларига мос тарзда жиҳозланган синфхоналарда ички ишлар органлари фаолияти, маъмурий ҳуқуқ, суриштирувни ташкил этиш, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, эксперт-криминалистика, тергов, патруль-пост хизмати каби умумкасбий фанларни ўзлаштириш билан бирга саф машқи, жанговар қурол-яроғларни йиғиш ҳамда умумҳарбий низомга оид билим ва кўникмаларини бойитадилар. Худди шундай, ҳуқуққа алоқадор фанларга алоҳида эътибор қаратилади.
Қисқаси, унинг тенгдошлари яқин келажакда ИИВ, Мудофаа, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар каби ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ҳамда ҳарбийлаштирилган тизимларда фаолият кўрсатаётган сафдор, аскар ва офицерларнинг муносиб издошларига айланишади. Айни мақсадда умумтаълим фанлари тўгараклари билан бирдек қўл жанги, самбо, иш юритишни бошқариш сингари тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган. Бундан ташқари Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси ва ҳудуддаги ҳарбий қисмлар вакиллари иштирокида тадбирлар уюштирилади, шунингдек мунтазам равишда кўрик-танловлар, билимлар беллашувлари ва спорт мусобақалари ўтказилмоқда.
Тўғри, пандемия туфайли бу тадбирлар бироз сустлашгандек бўлди. Лицейга оптик толали тармоқ тортилиб, ўқувчиларнинг “ZOOM” дастури орқали билим олишлари учун шароит яратилиши билан ҳаммаси ўзгарди. Ушбу янгилик ёшларнинг йирик кутубхоналардаги электрон адабиётлардан фойдаланиш, турдош лицейлар ўртасида ҳамда халқаро миқёсдаги илмий конференцияларда билвосита қатнашиш имкониятларини кенгайтирди. Телеграмм каналида эса гуруҳлар очилиб, ўқувчиларнинг билимларини оширишга қаратилган “Дебат” клублари юзага келтирилди.
Бу имконияту шароитлардан тўғри фойдаланган тенгдошларининг орзулари рўёбга чиқишига Дилшоднинг ишончи комил. Чунончи, 2019 йилда у таълим олаётган лицейнинг 97 нафар битирувчиси олий ўқув юртларига кирди. Улардан бири Нигора Мамараимова Хитойнинг Гуанчжоу университетининг халқаро туризм факультетида таҳсил олмоқда. 13 нафар йигит-қизларга эса ИИВ Академияси курсантлари сафидан жой олиш насиб этди.
У яна шунга ишонадики, келаси йили кузда ИИВ Академиясида курсантлар рўйхати ўқилганида Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани Хуросон қишлоғида яшовчи, ИИВ Жиззах академик лицейида ўқиган Дилшод Тоштемировнинг ҳам исми шарифи, албатта, тилга олинади. У мазкур ниятининг ушалиши учун бор кучи ва салоҳиятини билим олишга сафарбар этаяпти.
Алижон АБДУСАТТОРОВ.