15 Декабр 2020 йил 843

Лицейимиз чемпионлари

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жиззах академик лицейида ўқувчиларнинг қўл жанги, самбо, футбол, баскетбол каби бир қатор спорт турлари билан шуғулланишлари учун барча шароитлар яратилган. Бу эса лицей ўқувчиларининг республикамиз миқёсида ҳамда халқаро мусобақаларда юқори натижаларни қўлга киритишларида омил бўлмоқда.       Чунончи, шу йилнинг 25-28 ноябрь кунлари Қашқадарё вилоятида қўл жанги бўйича 2003-2004 йилларда туғилган ўсмирлар ўртасида бўлиб ўтган Ўзбекистон кубоги мусобақасида лицей ўқувчиси Шаҳбоз Мўминов 80 килограмм вазн тоифасида 1- ўринни қўлга киритди. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан уюштирилган мазкур мусобақада лицейнинг яна бир ўқувчиси Сарвиноз Сапарова 70 килограмм вазн тоифасида майдонга тушиб, шоҳсупанинг 3- поғонасига кўтарилди.  

Худди шундай, 5-6 декабрь кунлари спортнинг таэквандо ITF тури бўйича пойтахтимизда уюштирилган Ўзбекистон кубоги мусобақасида ИИВ Жиззах академик лицейининг ўқувчиси Севинч Қодирова 52 килограмм вазн тоифасида олтин медаль соҳиби бўлди. 11-13 декабрь кунлари эса Самарқанд шаҳрида универсал жанг федерация томонидан очиқ биринчилик ташкил этилди. Профессионаллар ўртасида кечган беллашувларда лицей ўқувчиси Камолиддин Нарзуллаев 66 килограмм вазн тоифасида 2- ўринни эгаллади. Ушбу мусобақада 16 ёшли Сардор Раҳматов 70 килограмм вазн тоифасида афғонистонлик рақиби Холид Ўтак устидан ғалаба қозониб, чемпионлик камари ва олтин медалга сазовор бўлди.

— 9 йилдан буён жанговар спорт турлари билан шуғулланаман, — дейди ИИВ Жиззах академик лицейи ўқувчиси Сардор Раҳматов. — Орзуим Ўзбекистон республикаси ИИВ Академиясида ўқиш, ички ишлар органлари ходимлари сафида Президентимиз ва халқимизга садоқат билан хизмат қилишдир. Бугунда ўқиб, ўрганаётганларим ички ишлар органлари ходими бўлиш билан боғлиқ ниятимнинг ушалишида асқотади, деб ўйлайман. Айтганча, айни кунларда 2021 йилнинг январь ойида Наманганда универсал жанг бўйича ташкил этиладиган мусобақага тайёрланмоқдаман.

ИИВ Жиззах академик лицейининг ўқувчилари спортнинг “Usmanov kombat sistems” тури бўйича ўтказилаётган мусобақаларда ҳам фаол иштирок этишаяпти. Жумладан, шу йилнинг 13 декабрида Жиззах шаҳрида уюштирилган республика очиқ чемпионатида Азамат Мангитов 58 килограмм, Фирдавс Абдуалимов 67 килограмм вазн тоифасида майдонга тушиб, барча рақиблари устидан ғалаба қозондилар. Уларга Халқаро комбат айкидо ассоциацияси вакиллари томонидан олтин медаль топширилди.  

Маълумот ўрнида айтиш керак, лицейнинг бир қатор ўқувчилари вилоят ва республика спорт терма жамоаларининг аъзолари ҳисобланишади. Уларнинг барчаси 2021 йилда бўлиб ўтадиган республика миқёсидаги ҳамда халқаро мусобақаларга ҳозирлик кўришаяпти. 

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати

Text to speech