Маълумотлар ўринлимас
Ижтимоий тармоқларда Жиззах вилояти Фориш тумани Нурак маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги турар жойдан мажбурий ижро бюро Фориш тумани бўлими ва ички ишлар органлари ходимлари томонидан бир оиланинг кўчирилиши акс этган видеотасвирлар тарқалди.
Дарҳақиқат, 2020 йилнинг 26 июнь куни мажбурий ижро бюро Фориш тумани бўлими ва ички ишлар органлари ходимлари томонидан Нурак маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги чўпон уйидан фуқаро Маъмур Жўраевнинг оиласи кўчирилган. Мазкур тадбир фуқаролик ишлари бўйича Фориш тумани судининг 2019 йил 23 декабрдаги 2-1305-1901/1524- сонли бино ва иншоотдан мажбурий тартибда чиқаришга оид ижро варақасига асосан амалга оширилган.
Маълумот ўрнида айтиш керак, мазкур чўпон уйи “Golden territory” МЧЖ ҳудудида жойлашган бўлиб, жавобгар Маъмур Жўраев МЧЖга тегишли чўпон уйи ва яйловдан ноқонуний фойдаланиб келган. Шу сабабли фуқаролик ишлари бўйича Фориш тумани суди фуқаро Маъмур Жўраевни чўпон уйидан мажбурий тартибда чиқариш тўғрисида қарор чиқарган. Мажбурий ижро бюро Фориш тумани бўлими Маъмур Жўраевга суд қарорини ижро этиш юзасидан ихтиёрий муддат ҳам берган. Аммо фуқаро чиқиб кетмаган.
Ушбу қарор ижросини таъминлашда муаммолар юзага келганлиги туфайли мажбурий ижро бюро Фориш тумани бўлими раҳбари хабарнома орқали Фориш тумани ИИБ бошлиғидан “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонун талаблари асосида ижро ҳаракатларини олиб бориш жараёнида жамоат тартибини сақлаш ҳамда ижро қилишда вужудга келадиган тўсқинликларни бартараф қилиш мақсадида ИИБ ходимлари ажратилишини сўраган.
Шундан сўнг мажбурий ижро бюро Фориш тумани бўлими ва ички ишлар органлари ходимлари чўпон уйига боришган. Шу жойда Маъмур Жўраевнинг турмуш ўртоғи Хотима Жўраева МИБ ходимига фаол қаршилик кўрсатган. Натижада масалага ички ишлар органлари ходимлари аралашган ва тегишли тартибда қўл кишандан фойдаланган ҳолда суд қарорининг ижро этилиши таъминланган. Мазкур жараёнда ички ишлар органлари ходимлари томонидан ноқонуний хатти-ҳаракатларга йўл қўйилмаган. Жараён МИБ вакили томонидан тўлиқ тасвирга олинган.
Таъкидлаш жоиз, ижтимоий тармоқларда тарқалган видеотасвирда билдирилганидек Маъмур Жўраевнинг оиласи пандемия шароитида уйсиз қолмаган. Фориш туманидаги Нурак қишлоғида ушбу фуқаронинг турар жойи ва боғи бор. Худди шундай, чўпон уйи Маъмур Жўраевга тегишли эканлигини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эмас. Қисқаси, видеотасвирда берилган маълумотлар тўғри эмас.
Сиз кўриб турган сурат Маъмур Жўраевнинг хонадони ва боғлари.