18 Январ 2021 йил 651

Масъулиятли терговчи

Капитан Азамат Абдурасулов 1984 йилда Жиззах вилоятининг Зафаробод туманида туғилган. 2008 йилда Самарқанд давлат университетини тамомлади. Мутахассислиги ҳуқуқшунос бўлган Азамат Абдурасулов ички ишлар органларидаги фаолиятини 2011 йилда Жиззах вилояти Мирзачўл тумани ИИБ тергов бўлинмаси терговчиси лавозимида бошлади. Шунингдек, Арнасой ва Зафаробод туманлари ички ишлар бўлимлари ҳамда Жиззах шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси тизимида хизмат қилди.

Айни вақтда капитан Азамат Абдурасулов Зафаробод тумани ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи катта терговчиси. У хизмат вазифаларига масъулият билан ёндашиб, ҳамкасбларига ўрнак бўлмоқда. Соҳада тўплаган катта тажрибасини ёшларга самарали сингдираётган устоз ходимлардан биридир. Қонунийлик ва интизомни ҳаётининг шиорига айлантирган.

Мазкур жиҳатлар Азамат Абдурасуловнинг юқори натижаларга эришишида омил бўлаётир. Жумладан, 2020 йил давомидан у томонидан 20 дан ошиқ жиноят бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилиб, айбланувчиларга нисбатан жазо муқаррарлигини таъминлаш мақсадида жиноят ишлари судларга юборилган. Ушбу қонунбузарликлар оқибатида шахслар, давлат ва жамиятга етказилган қарийб 250 миллион сўмга яқин маблағ ундирилиб, зарарлар тўлиқ қопланишига эришилди.   

10 та жиноят иши бўйича тегишли идораларга қонунбузарликларни келтириб чиқарган омилларни бартараф этишга қаратилган тақдимномалар киритиб, муҳокамалар уюштирди. 2020 йилда у ўтмишда содир этилиб, очилмасдан қолган 1 та жиноятни фош қилди. Жумладан, Зафаробод тумани Чимқўрғон қишлоқ фуқаролар йиғинида яшовчи С.Х.нинг қиймати 11 миллион 400 минг сўмлик бир бош хўкизи ҳамда 9 бош қўйини ўғирлаганларнинг шахси тергов жараёнида аниқланди. Натижада мазкур қонунбузарликни содир этган Фориш туманида истиқомат қилувчи Н.Ш. ҳамда Е.А.лар қўлга олинди.

Шунингдек, ўтган йили 3 нафар қидирувдаги жиноятчининг яширин манзилини аниқлашга муваффақ бўлди. Капитан Азамат Абдурасулов Жиззах вилояти ички ишлар органлари тизимида самарали фаолият олиб бораётган терговчилардан биридир.

 

Алижон АБДУСАТТОРОВ

 

Text to speech