Масъуллар жойларда аҳоли билан учрашувлар ўтказди
Пахтакор туманидаги Боғишамол маҳалласида бугунда қарийб 8 минг 500 га яқин аҳоли истиқомат қилади. 3- секторга қарашли маҳаллани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш шароити ва инфратузилмани яхшилаш, обод қилиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Яхёжон Абдулҳаков ҳамда вилоят ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодировлар маҳаллада олиб борилаётган ишлар билан танишди. Хусусан, маҳалла марказида Ҳадича Бекмуродова раҳбарлигида фаолият кўрсатаётган тикувчилик ўқув курси фаолияти кўздан кечирилди. Тадбиркор билан суҳбатда хотин-қизларни касб-ҳунарга ўргатиш ишларининг бугунги аҳволи муҳокама қилинди. Маълум қилинишича, ҳозирда 21 нафар маҳалла хотин-қизлари бичувчилик ва тикувчилик курсларида ўқишаяпти.
Қайд этиш жоиз, жорий йилнинг ўтган даврида маҳаллани кўчалари таъмирланиб, икки қаватли уйлар олдидаги йўлаклар бетонланди, уйларнинг том қисмлари шифер қилинди. Аҳоли билан учрашувда табиий газ ва электр энергиясидан тежамкорлик билан фойдаланиш, хавфсизлик қоидаларига риоя этиш зарурлиги айтилди. Аҳоли пунктининг мураббийлар кўчасидаги 8 ва 10 икки қаватли уйлар олдидаги ноқонуний қурилишларни тўлиқ бузиш, атрофни чиқиндилардан тозалаш бўйича масъулларга кўрсатмалар берилди.
Вазир ўринбосари ва бошқарма бошлиғи 6- сонли ўрта умумтаълим мактабининг иситиш тизимини ҳам кўздан кечиришди, педагог ва ўқувчилар билан суҳбатда бўлди. Шу ернинг ўзида тумандаги барча сектор раҳбарлари, маҳалла фаоллари, корхона ва ташкилотлар вакиллари билан ҳудудни янада обод қилиш, аҳоли бандлиги, хизмат кўрсатиш ва савдо фаолиятини ривожлантириш, фуқароларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича мутасаддиларга аниқ вазифалар юклатилди.
Янги йил байрами арафасида қишлоқ хўжалиги, гўшт, нон ва нон маҳсулотларининг нархи асоссиз ошиб кетишининг олдини олиш, аҳолига сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш мақсадида савдо ярмаркалари фаолияти йўлга қўйилган. Туманда ушбу ярмарка экобозорда ташкил этилган. Ички ишлар вазири ўринбосари ва вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи туман масъуллари билан бирга ушбу ярмарка фаолиятини ҳам кўздан кечиришди. Тадбиркорлар билан мулоқотда давомида савдо жараёнида санитария талабларига риоя қилиш, нархни оширмаслик зарурлиги уқтирилди. Таъкидлаш жоизки, ярмаркада 30 дан зиёд тадбиркорлар барча турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини арзонлаштирилган нархда сотишмоқда.
Худди шундай, Жиззах шаҳридаги Эски шаҳар деҳқон бозорида ташкил қилинган озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркаси фаолияти билан ҳам танишди. Аввало бозор ҳудудидаги “Вкусная булка” масъулияти чекланган жамияти томонидан нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва аҳолига етказиб бериш фаолияти кўздан кечирилди.
Ҳудуддаги тадбиркорлар ва сотувчилар билан суҳбатда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш, маҳсулотларни сақлаш, сотиш жараёнида санитария талабларига риоя этиш кераклиги айтилди. Шунингдек, байрам арафаси ҳамда қиш мавсуми давомида аҳолининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талабини қондириш юзасидан кўрилаётган чоралар шаҳарнинг барча секторлари, корхона ва ташкилотлари раҳбарлари иштирокида муҳокама қилинди. Юзага келган ҳар қандай вазиятни жойида бартараф қилиш зарурлиги таъкидланди.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати