22 Август 2020 йил 635

Меҳр ва саховат халқимизга хос фазилат!

Жиззах шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси шахсий таркиби, хусусан, профилактика инспекторлари маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари билан бирга аҳолининг эҳтиёжманд қисмига пандемия шароитида моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиб келишмоқда.

Мисол учун айтадиган бўлсак, Маданият маҳалла фуқаролар йиғинида 1310 та оила бўлиб, шулардан 50 таси “Темир дафтар”га киритилган ва ушбу оилаларга маҳалла ҳамда ҳудуд профилактика инспекторининг ташаббаси билан ҳомийлар кўмагида озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Дарвоқе, маҳалла томонидан кўмакка муҳтож фуқароларни ишга жойлаштириш, бандлигини ошириш чоралари ҳам кўрилмоқда. Хусусан, бу ҳаракатлар натижасида 22 нафар фуқаро мавсумий ҳамда доимий иш билан таъминланди.

Албатта, карантин шароитида ёлғиз яшовчи, боқувчиси бўлмаган фуқароларнинг ҳам хонадонларига ташриф буюрилиб, уларга халқимизга хос бўлган бағрикенглик наъмуналари кўрсатилмоқда. Чунончи, маҳалла фаоллари ҳамда ҳудуд профилактика инспектори вилоят ички ишлар бошқармаси масъуллари билан биргаликда ушбу маҳаллада истиқомат қилувчи 1958 йил туғилган фуқаро Саодат Мамасалиеванинг яшаш уйига бориб, онахоннинг ҳолидан хабар олишди. Айтиш жоизки, Саодат Мамасолиева узоқ йиллар турли ташкилотларда масъул лавозимларда меҳнат қилиб қанчадан қанча инсонларга ёрдам қўлини чўзган.

 Хуллас, айтишимиз мумкинки, пандемия вақтида халқимизга хос бўлган бағрикенглик, юксак инсоний фазилатлари яна бир бора намоён бўлмоқда.

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати     

Text to speech