15 Июн 2020 йил 575

Мирзачўлда ғалла ўрим-йиғим ишлари жадал бормоқда

Вилоятимизда ғалла навларининг пишиш ҳолатидан келиб чиқиб ўрим-йиғим ишлари ташкил этилган. Худди шундай, Мирзачўл туманида ҳам жорий йилнинг 4 июнидан ҳосил кўтаришга бел боғланди. Маълумот ўрнида айтиш керакки, туманда 14 минг 700 гектар ер майдонига барака уруғи қадалиб, ғаллакорлар мавсумда 44 минг 400 тонналик хирмонни уюшни режалаштиришган.

Алоҳида эътироф қилиш керакки, дала меҳнатида фермерларга комбайн операторлари, юк ташувчи ҳайдовчилар билан биргаликда ички ишлар ходимлари ҳам яқиндан ёрдам кўрсатиб келишмоқда.

Худди шундай, тумандаги ғалла ўрим-йиғим ишларига 100 дан зиёд дон ташиш автотранспорти ҳамда 40 га яқин ғалла ўриш комбайнлари жалб этилган.

Бу йил қишлоқ хўжалиги ҳам бирмунча синовли келди. Аниқроқ айтадиган бўлсак, табиат инжиқликлари фермер фаолиятига сезиларли даражада ўз ҳукмини ўтказди. Аммо тадбиркор деҳқон ҳар қандай қийинчиликларни енгишга қодир бўлсагина кўзланган мақсадига эришади.

Умуман олганда, карантин шароити бўлишига қарамасдан олиб борилаётган саъйи-ҳаракатлар туфайли бу йилги ғалла ҳосили ҳам ўз вақтида йиғиб олинади.

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати

Text to speech