Мирзачўлда тўрт нафар фуқаронинг суди ўтказилди
Жиноят ишлари бўйича Мирзачўл тумани судида ички ишлари органлари пробация хизмати назорати остида турган бир гуруҳ шахсларнинг иши кўриб чиқилди. Суд жараёнида ички ишлар органлари пробация хизмати назорати остида бўлган шахсларнинг жазони қандай ижро этаётганлигига баҳо берилди. Яъни, судга чақирилганларнинг 4 нафари жазони ўташ тартиб-қоидаларига қатъий амал қилиб, ўнгланиш йўлига кирганликларини амалда исботлашган.
Шу боис жиноят ишлари бўйича Мирзачўл тумани суди ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаётган мазкур фуқароларни муддатидан олдин шартли равишда озод этди. Яъни, ушбу шахсларга нисбатан белгиланган қарийб барча чеклов ва мажбуриятлар бекор қилинди.
Ахлоқ тузатиш жазосини ўтаётган маҳкумларнинг шартли равишда озодликка чиқарилиши уларнинг эркин ҳаракатланиши, жамоат тадбирларида иштирок этиши каби қатор ҳуқуқларининг тикланиши ҳамда суд қарори асосида давлат фойдасига ундириладиган иш ҳақининг муайян қисмини тўлаш мажбуриятининг бекор қилиниши учун хизмат қилади. Булар ҳаммаси тўғри йўлга қайтиш учун берилган яна бир имконият, десак адашмаймиз.
Шу куни жиноят ишлари бўйича Мирзачўл тумани суди пробация хизмати назорати остида бўлган Далер Мўминовнинг ҳам ишини кўриб чиқди. Ички ишлар органлари пробация гуруҳи вакиллари томонидан Далер Мўминовга ижобий тавсиф берилгани боис суд маҳкум мажбуриятларини қисман олиб ташлади. Таъкидлаш жоиз, жойларда ички ишлар органлари пробация хизмати ходимлари томонидан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларга ҳукм қилинган маҳкумларни ахлоқан тарбиялаш, ҳуқуқий билимларини ошириш, хусусан, қайта жиноятлар содир этиш оқибатларидан огоҳ этишга қаратилган тадбирлар мунтазам ташкил этилмоқда. Ўз навбатида белгиланган чеклов ва тақиқларга амал қилмаётган маҳкумларга нисбатан оғир турдаги жазоларни қўллаш чоралари кўрилаётир. Қисқаси, қайта жиноятларнинг олдини олиш учун барча имкониятлар ишга солинмоқда.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати.