8 Июл 2020 йил 553

Мирзачўлда ўғирликка қўл урган шахсга суд ҳукми ўқилди

Карантин пайтида зериккан фуқаро ўзи яшайдиган қишлоқ фуқаролар йиғинидаги фермер хўжалигининг 48 бош қорамолларини ўғирлаб кетди. Жиззах вилоятининг Мирзачўл туманида содир бўлган ушбу жиноят туман ички ишлар бўлими томонидан тез орада фош этилди.

Жорий йил 8 апрелга ўтар кечаси содир этилган ўғриликни фуқаро зериккани билан изоҳлашга уринишини бошқача таърифлай олмадик. Мирзачўл тумани Янгидала қишлоқ фуқаролар йиғинида яшовчи 1996 йилда туғилган Қ.М. тумандаги “Суннат Комил ўғли” фермер хўжалиги дала майдонидаги қўрадан жами 430 миллион сўмлик 48 бош қорамолларни ўғирлаб кетади. Молларни Арнасой тумани Чўлқувар қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги дала майдонига олиб боради ва сотмоқчи бўлганида ички ишлар ходимлари томонидан қўлга олинади.

Ушбу ҳолат юзасидан Жиноят ишлари бўйича Мирзачўл тумани судида ҳукм ўқилди. Судланувчи Қ.М. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланилиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазо тайинланди.  

 Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати.

Text to speech