Муносиблар рағбатлантирилди
Жиззах вилоятининг пахта етиштириладиган барча ҳудудларида бўлгани сингари Шароф Рашидов туманида ҳам ҳосилни йиғиштириб олиш борасида қизғин ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилда туманда фермерлар томонидан 9 минг 300 гектар майдонда пахта етиштирилиб, 26 минг 550 тонналик хирмон уюш режалаштирилган. Мазкур мақсадда туман ҳудудида яшовчи 9 мингдан зиёд теримчи билан шартнома тузилди. Худди шундай, бошқа вилоятлар ва Жиззах шаҳридан кўплаб теримчилар жалб этилмоқда.
Айтадиган бўлсак, хирмон уюшда пахта териш машиналаридан ҳам самарали фойдаланиб келинмоқда. Хусусан, мавсум бошидан буён жами терилган 13 минг 700 тонна пахтанинг 5 минг 508 тоннасини, яъни 21 фоизи машиналар ёрдамида терилди. Таъкидлаш жоиз, пахта хом ашёсини терим техникалари ёрдамида йиғиштириб олиш фермер хўжаликлари учун иқтисодий жиҳатдан ҳам самарали ҳисобланади.
Дарвоқе, хирмонга ички ишлар органлари ходимлари ҳам ўз улушларини қўшишга интилишаяпти. Чунончи, соҳа вакилларининг зиммасига ҳайдовчи, тракторчи ва комбайнчиларга йўл ҳаракати хавфсизлиги, ёнғин хавфсизлиги ҳамда техника хавфсизлиги юзасидан тушунчалар бериляпти.
Мазкур жараёнларда пахта хом-ашёсини талон-тарож этилишининг олдини олиш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш борасида ташаббускорлар сектор раҳбарлари томонидан муносиб равишда рағбатлантирилмоқда.
Чунончи, 10 га яқин ички ишлар органлари ходимларига туман ҳокими томонидан пул мукофати берилди. Тадбирда сектор масъуллари пахта теримини уюшқоқлик билан ташкил этиш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилиши зарур бўлган ишлар хусусида тўхталди.
Қисқаси, туманда пахта йиғим-терим ишлари қизғин бормоқда. Соҳа ходимлари эса ўз вазифаларига сидқидилдан ёндошган.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати