Ижтимоий тармоқларда Жиззах вилояти Дўстлик тумани Чинобод маҳалла фуқаролар йиғини Туркистон кўчасидаги барак типидаги турар жойларда яшовчи бир қанча фуқароларнинг мурожаати тарқалди. Мурожаатда мазкур манзилда яшовчиларга давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан ижтимоий ёрдам кўрсатилмаётгани, шунингдек, республика Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30 июлдаги қарорига асосан ижтимоий ҳимояга муҳтож оила сифатида уларнинг оилалари пул билан таъминланмагани, депутатлар ҳудуд аҳолисининг ҳолидан хабар олмаётгани маълум қилинган.
Лекин вазият баён қилинганидек эмас. Чунончи, мурожаат этувчиларнинг аксарига тегишли тартибда моддий ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Жумладан, мурожаатчи Г.Ниёзхўжаевага жорий йилнинг 30 июль куни 850 минг сўм миқдорида моддий ёрдам ҳамда пластик картасига 1 миллион миқдорида пул ўтказиб берилган. Мурожаатчи Н.Бултаковага эса маҳалла фуқаролар йиғини кафиллигида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун 30 миллин сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилган.
Мурожаатчи Д.Сиддиқов ҳамда О.Шодмоноваларга уй жой қуриш учун 0.03 сотих ер майдони ажратилган. Худди шундай, С.Раҳмоновага шу йил 30 июль куни 680 минг сўм нақд пул шаклида моддий ёрдам ҳамда туман ҳокими қарори билан такрорий экин экиш учун 1 гектар ер майдони ажратилган. Шу жумладан, Ю.Қаршиева, М.Нормуродова, Б.Аҳмедова, Н.Ражобовалар “Саховат ва кўмак” жамғармаси томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаб келинган. Хуллас, мурожаатчилар ижтимоий қўллаб-қувватлаб келинмоқда.
Шу ўринда айтиш керакки, мазкур видеомурожаатларни Жиззах вилояти Дўстлик тумани Алишер Навоий маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи, 1975 йил туғилган Зоҳид Жумаев тасвирга олган ва тарқатган. Зоҳид Жумаев муқаддам бир неча марта судланган. Хусусан, 2010 йилнинг 16 сентябрида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси (давлат мулкини талон-торож қилиш), 2010 йилнинг 2 декабрида 109-модда (қасддан баданга шикаст етказиш), 2014 йилнинг 22 октябрида 140-модда (ҳақорат қилиш) ҳамда 219-модда (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш), 2019 йилнинг 1 июлида 168-модда (фирибгарлик) билан айбланиб, судланган. Хуллас, Зоҳид Жумаевни видеомурожаатни тарқатишга ундовчи “сабаб”лар мавжуд.
Эслатиб ўтамиз: ёлғон маълумот тарқатганлик учун жавобгарлик бор.