Навбатчилик қисмлари ҳамда ёрдамчиларининг малакалари оширилди
Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси таркибий тузилмалари ва ҳудудий бўлинмалари навбатчилик қисмлари тезкор навбатчилари ҳамда ёрдамчиларининг хизмат, жанговар ва ахлоқий психологик тайёргарлик даражасини ошириш мақсадида ўқув машғулоти ташкил этилди. Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасининг чора-тадбирлар режаси асосида ўтган ўқув машғулотлари саф кўриги билан бошланди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси саф низоми, сафда туриш, юриш қоидалари, сафлар ва уларни бошқариш ўргатилди.
Айтиш жоиз, ички ишлар органларида навбатчилик қисмлари муҳим ўрин тутади. Боиси навбатчилик қисмлари жиноят ва ҳодисалар ҳақидаги хабар асосида тезкор тергов гуруҳининг воқеа жойига зудликда етиб бориши ва жиноятларни иссиқ изидан фош қилиш ёки содир этилиши мумкин бўлган қонунбузарликларнинг олдини олишда муҳим ўрин тутади.
Мазкур ўқув машғулотлари эса навбатчилик қисмлари тезкор навбатчилари ҳамда ёрдамчиларининг билим ва кўникмалари, соҳага оид ҳужжатлар, янгилик ва ўзгаришлардан хабардорлик даражасини ошириш, хизмат вазифаларини бажариш чоғида тўғри ҳаракатига оид билимларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди. Шу маънода ўқув давомида ходимларга Ички ишлар вазирининг “Ички ишлар органлари навбатчилик қисмлари фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда “Ички ишлар вазирлиги тизимида навбатчиликни ўташ тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги буйруқларининг мазмун-моҳияти тушунтирилди.
Шунингдек, ички ишлар органларида жиноят ва ҳодисаларга оид аризалар, хабарлар ҳамда бошқа маълумотларни қабул қилиш, рўйҳатга олиш, кўриб чиқиш ва ҳисобини юритиш тартиби, шунингдек жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш талаблари ҳам етказилди.
3 кун давом этган ўқувда ходимларнинг маънавий-маърифий ишлар, навбатчилик қисмларида махсус воситаларни сақлаш, ходимларга хизматда фойдаланиш учун тарқатиш ва қабул қилиш тартиблари ҳамда бу йўналишдаги меъёрий ҳужжатлар мазмун-моҳияти, жиноят ва ҳодисалар ҳақидаги хабарларни қабул қилиш ва рўйҳатга олишда 102 автоматлаштирилган маълумотлар тизимида ишлаш, бошқарма навбатчилик қисмига узатиш тартиблари бўйича ҳам билимлари оширилди. Бундан ташқари, қуроллар, уларнинг турлари, фойдаланилиши ва хавфсизлик қоидаларига риоя этиш тартиблари ва хусусиятлари ҳақида маълумотлар берилди.