29 Май 2020 йил 613

Нима бу, мантиқсизликми ёки бачканалик?!

Коронавирус кўринмас душман тўлиғича енгилгани йўқ. Хориждан қайтаётганлар билан бирдек маҳалласи ёки қишлоғидан чиқмаганларда ҳам ушбу инфекция билан зарарланганлар учраяпти. Афсуски, шундай шароитда айримлар карантин қоидаларига беписанд қарамоқда.

Оммавий ахборот воситаларида ва ижтимоий тармоқлар орқали коронавирус хавфи ҳақида тўхтовсиз тушунтириш ишлари олиб борилаётганига қарамасдан карантин қоидаларини бузиш ҳолатлари тез-тез қайд этилаяпти. Яна ҳам аниқроғи, карантин чораларидан бири сифатида жамоат жойларида ниқоб билан юриш белгилаб қўйилганига қарамасдан Жиззах шаҳрида аксар ёшлар ҳаво ҳарорати кўтарилганиданми ёки зерикишданми, тиббий ниқобларни ҳўжакурсинга иякларига, бўйинларига тақиб юришни одатга айлантиришганини кузатдик.

Худдики, коронавирус ияк ёки бўйин орқали юқадигандек. Қисқаси, қайсидир ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакили йўлда тўхтатиб, бошни оғритмаслиги учунгина ниқобдан номигагина фойдаланиш мантиқсизлик ва бачканаликдан бошқа нарса эмас, назаримизда.

Аслида-ку, фуқароларнинг кўринмас душман тентираб юрган вақтда ниқоб билан юриши нафақат ўзи ва атрофдагиларнинг саломатлиги учун зурур, шунингдек, уларни яхшигина жаримадан ҳам ҳимоялайди. Хуллас, қайсидир маънода ҳаёт-мамот масаласига айланган қоидаларга бўйсунмасликни қандай изоҳлаш мумкин?

Мутахассислар таъкидига кўра, коронавирус организмга бурун, оғиз ва кўз шиллиқ пардаси орқали киради ва ривожланади. Оғиз ва буруннинг тиббий ниқоб билан ёпмаслик вирус қўзғатувчисининг организмга киришига йўл очиб беради. Шундай экан, азиз юртдошлар жамоат жойларида ҳимоя воситаларидан фойдаланишни унутманг.

Худди шундай, бошқаларни ҳам бу йўналишдаги қоида ва меъёрларга бўйсунишини талаб қилинг. Зеро, қоидабузарлар ўзи билан бирга сизнинг ҳам соғлигингизни хавфга қўяди!

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати

Text to speech