30 Ноябр 2022 йил 284

ОАВ вакиллари кинологлар фаолияти билан танишди

Жиззах вилояти ИИБ ЖХХ ЖТСБ кинология бўлинмаси фаолияти билан матбуот ва ОАВ вакилларини таништириш мақсадида пресс-тур ўтказилди. Пресс-тур аввалида вилоят ИИБ ЖХХ ЖТСБ бошлиғи, подполковник Хамза Салаев кинологларнинг қонунбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашишга қаратилган фаолияти хусусида тўхталди.

Таъкидланишича, жорий йилнинг ўтган даврида бўлинма кинологлари хизмат итлари билан биргаликда тергов тезкор гуруҳлари таркибида воқеа жойига чиқиб, 105 та жиноятни фош этишган. Мазкур қонунбузарликларнинг 41 таси ўғирлик, 64 таси гиёҳванд воситалар билан боғлиқ. Хизмат итлари ёрдамида қарийб 17 килограмм марихуана, гашиш, опий, героин, прегабалин ва кўкнори олинган. Шахсий таркиб бошқа соҳавий хизматлар вакиллари билан ҳамкорликда 17 нафар қидирувдаги шахсни ушлаб, бедарак йўқолган 1 нафар фуқарони топишди. Бўлинмада ходимларнинг билимларини ошириш, жисмоний ва жанговар тайёргарлигини кучайтиришга қаратилган тадбирлар ҳам изчиллик билан амалга оширилмоқда.

Тадбир давомида матбуот ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерларга хизмат итларини озиқлантириш, зарур анжомлар, улардан фойдаланиш ва хусусиятлари маълум қилинди. Шунингдек, бўлинма питомниги, ихтисослигига кўра машқ майдонлари, ветеринар хонаси билан яқиндан таништирилди.

Маълумот ўрнида айтиш керак, Жиззах вилояти ИИБ ЖХХ ЖТСБ кинология бўлинмасида 46 та немис ҳамда Шарқий Европа овчаркалари, рус спаниеллари, лабрадорлар, Бельгия малинуалари хизматга ўргатилиб, парваришланмоқда. Улар из қидириш, гиёҳванд ва портловчи воситаларни қидириб топиш, объектларни қўриқлаш, жиноятчиларни тутиш, жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлашга оид кўникмалари мунтазам ошириб борилади.

Иштирокчилар мутахассислардан ўзларини қизиқтирган барча саволларига жавоб беришди.

Пресс-тур давомида кинологлар хизмат итлари ёрдамида умумий ва махсус курс йўналишлари бўйича кўргазма намойиш этишди. Хусусан, хизмат итларининг буйруқларни бажариш, из олиш, гиёҳвандлик воситалари, қурол-аслаҳа ва портловчи моддаларни қидириб топиш кўникмалари кўрсатиб берилди.

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати

Text to speech