5 Октябр 2020 йил 684

Одамфурушлик билан боғлиқ жиноятлар фош этилди

Жиззах вилояти ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Жиззах шаҳри Халқобод маҳалласида яшовчи, 1998 йилда туғилган Х.Б. одам савдоси билан боғлиқ жиноятларни содир этганлиги аниқланди. Маълум бўлишича, Х.Б. Бирлашган араб амирликлари, Малайзия ва Таиландга мунтазам бориб, тунги клуб ва фоҳишахоналарга мамлакатимизда яшовчи аёлларни жўнатиш билан шуғулланган.

Чунончи, “Instagramm” тармоғида профил очиб, Фарғона, Самарқанд, Сухондарё, Бухоро ва Жиззах вилоятида яшовчи хотин-қизларни Тошкент шаҳрида яшовчи шериги орқали чет элга жўнатган. Аёллар хорижга боргач, Х.Б. уларнинг ҳар биридан 8 минг АҚШ доллари талаб қилган, бунга рози бўлмаганларни маҳаллий жиноятчиларга топшириб юбориш билан таҳдид қилган.

Жабрланувчилар чет тилини билмаганликлари, хориж қонунларидан бехабарликлари ҳамда қайтиш учун пуллари йўқлиги сабаб Х.Б.нинг шартларига кўнишган. Айни вақтда айбланувчининг 20 нафар хотин-қиздан шаҳвоний мақсадларда фойдаланганлиги аниқланди. Хусусан, Таиландга сотилган 12 нафар фуқаронинг шахси аниқланиб, 9 нафар жабрланувчидан аризалар олинган.  

Ҳолат юзасидан тегишли тартибда жиноят иши қўзғатилди.   

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати

Text to speech