Одамлар ишончига кира олиш фирибгарларнинг асосий қуролидир!
Одамлар ишончига кира олиш фирибгарларнинг асосий қуролидир. Бундай инсонлар бошқаларни алдаш йўли билан муайян муддат фаровон ҳаёт кечирадилар. Аммо қачондир ҳаммаси учун жавоб беришга тўғри келади. Улар буни яхши билишади, шунга қарамасдан бошқаларни қақшатишдан ўзларини тўхтата олмайдилар.
Чунончи, Жиззах шаҳрининг Иттифоқ маҳалласида яшовчи, ҳудуддаги ўқув марказида ишлаган Э.Н. Жиззах шаҳрининг Қалия маҳалласида истиқомат қилувчи А.Т. ҳамда Н.И.ларни Жанубий Кореяга ишга жўнатишни ваъда қилиб, 3 минг 700 АҚШ доллари олган ва пулларни ўзлаштириб юборган. Фирибгар йигитларни шундай авради-ки, улар топганларини қандай тутқазиб юборганларини билмай қолдилар.
2019 йилнинг октябрь ойида пулидан айрилган йигитлар узоқ вақт Жанубий Кореяга кетишдан умидвор бўлишди. Жабрланувчилар алданганликларини сезганларидан сўнггина ички ишлар органларига мурожаат қилдилар. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати