26 Январ 2021 йил 612

Ғолиблар тақдирланди

Жиззах вилояти маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармасида “Обод ва хавфсиз маҳалла” кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Ҳокимликлар, ички ишлар органлари ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида уюштирилган тадбир аввалида Жиззах вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Абдували Мустанов сўзга чиқди. Нотиқ маҳалла институтининг жамиятда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, тинчлик ва барқарорликни таъминлашдаги аҳамияти хусусида атрофлича тўхталиб ўтди.

Маълумот ўрнида айтиш керак, мамлакатимиз Президентининг 2020 йил 18 февралдаги “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига биноан ташкил қилинган мазкур кўрик-танловнинг шаҳар ва туман босқичлари ўтган йилнинг 5-25 декабрь кунлари оралиғида уюширилган.

Танлов иштирокчиларининг фаолиятини баҳолашда маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш, маънавиятни юксалтириш, тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолини спортга жалб этиш, тиббий хизмат кўрсатиш, оила қадриятларини мустаҳкамлаш, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш каби кўплаб кўрсаткичлар мезон вазифасини ўтади. Шунингдек, сектор раҳбарлари ва маҳалла фуқаролар йиғинлари комиссиялари, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларининг фаолияти таҳлил қилинган. 

Қисқаси, энг юқори натижаларга эришганларга кўрик-танлов дипломлари, эсдалик ва қимматбаҳо совғалар топширилди. Бинобарин, Арнасой тумани ИИБ ҳуқубузарликлар профилактикаси гуруҳи 48-сонли таянч пункти профилактика инспектори, катта лейтенант Раҳматулла Бийтўраев “Энг фаол профилактика инспектори”, Зомин тумани ИИОФМБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлимининг хотин-қизлар масалалари бўйича катта профилактика инспектори, майор Умида Қодирова “Энг фаол хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор” номинацияси ғолиби сифатида тақдирландилар.  

Умуман олганда, кўрик-танлов 31 номинация бўйича ўз соҳаларининг жонкуярларини рағбатлантириш учун хизмат қилди. Вилоят мусиқали драма театри ҳамда ИИВ Жиззах академик лицейининг ўқувчиларининг саҳнавий чиқишлари тадбирга ўзига хос шукуҳ бахш этди. Айтганча, кўрик-танловнинг республика босқичи жорий йилнинг февраль ойида бўлиб ўтади.

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати.

 

Text to speech