7 Октябр 2020 йил 596

Она тилингни унутма

Тил – миллат мавжудлигининг энг асосий белгиси ҳисобланади. Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 31 йил тўлиши арафасида турган бўлсак-да, она тилимизга тўлиқ амал қилинмаётгани унга нисбатан ҳурматсизлик ва билимсизлик оқибатидир. Кўчаларда, жамоат транспортларидаги ёзувларда учратаётганимиз тил меъёрларининг қўпол тарзда бузилишига одатий ҳолдек қараймиз, кўникиб қолганмиз.

Жамоат жойлари, кўчалар, бинолар пештоқидаги турли лавҳа ва рекламаларни Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни талабларига мувофиқлаштириш масаласи ҳамон долзарблигича қолмоқда. Аҳоли ўртасида хорижий тилларнинг урф бўлиб бораётгани, уни ўрганишга бўлган қизиқиш ва ҳаракатларни олқишлаймиз. Аммо ўз она тилимиз ҳурматини ҳам жойига қўйишимиз керак.

Дўкону шохобчалар номини ўзбек тили қолиб бошқа тилларда номлашимиз кўзланган мақсад балки кўп миллатли халқимизнинг ҳуқуқларини инобатга олишдир, балки хорижлик сайёҳларга қулайликлар яратишдир. Лекин шу ёзувларнинг ёнига давлат тилидаги таржималарни киритиш айни муддао бўларди, назаримизда.

Тан олиб айтиш керак, бугун ишда, уйда, кўча-кўйда соф она тилимизда мулоқот қила олмаймиз. Бошқа тиллардан ўзлаштириб олганимиз сўзларни аралаштириб гапирамиз. Афсуски, бу ҳолатни ўзбек тилининг камбағал эканлиги билан изоҳлайдиганлар бор. Аслида бунга илмимиз қашшоқлиги, она тилимизни яхши билмаслигимиз оқибати, деб қараш тўғри бўларди.

Қонунларимиз ҳар кимнинг хоҳлаган тилда мулоқот қилиши, ёзиши, ўқиши каби ҳуқуқларини кафолатлайди. Аммо бу давлат тилини беҳурмат қилиш, она тилини унутиб қўйиш эвазига бўлмаслиги керак. Ачинарлиси, айрим давлат идораларида давлат тилида иш юритиш, шунингдек, кирилл ва лотин ёзувлари борасидаги мунозарали ҳолатлар кузатилмоқда. Хуллас, масала ўта долзарб.  

 

Ёрқин СОДИҚОВ,

 журналист.                        

Text to speech