Онгли муносабат - коррупцияга қарши курашда ишончли қурол
Коррупция жинояти ҳудуди катта ёки кичик, аҳолиси бой ёки камбағал бўлишидан қатъий назар ҳар бир давлатда мавжуд. Бу иллат айниқса, ривожланаётган давлатлар учун ўта хавфли бўлиб, тараққиётни бир неча йиллар орқага суриб ташлаши, унинг оғир оқибатлари халқ зиммасига тушиши билан хавфлидир. Биргина мисол, Халқаро валюта жамғармасининг маълумотларига кўра, жаҳон иқтисодиёти коррупция туфайли йилига 1,5-2,6 триллион АҚШ долларигача миқдорда зарар кўради.
Шу сабаб халқаро тажрибадан келиб чиқилган ҳолда мамлакатимизда Президентнинг 2020 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ва “Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” ги қарори асосида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди. Бу билан Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш кескин ва муросасиз тусга киргани эътироф этилди. Бунга қадар мавжуд бўлган Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши ва унинг ҳудудий кенгашлари этиб қайта ташкил этилди. Агентлик Миллий кенгашнинг ишчи органи этиб белгиланди.
Агентлик махсус ваколатли идора сифатида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш учун масъул ҳисобланади.
Эндиликда ҳар бир давлат ташкилотида коррупцияга қарши кураш ишлари мазкур Агентлик орқали мувофиқлаштирилади. Агентлик давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида коррупция ҳолатини ўрганиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликка йўл қўймаслик тўғрисида огоҳлантириш ҳамда коррупцияни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кўриш тўғрисида тақдимномалар киритиш каби ваколатларга эга. Шунингдек, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, коррупцияга қарши ички назорат тизими («комплаенс-назорат») ҳамда коррупцияга қарши курашишнинг бошқа халқаро воситаларини жорий этиш, давлат хизматига ҳалоллик ҳамда манфаатлар тўқнашувини ҳал этиш стандартларини жорий этишда кўмаклашиш бўйича таъсирчан чораларни кўришга ваколатлидир.
Давлат ташкилотлари томонидан Агентликдан юборилган огоҳлантириш, тақдимнома ва мурожаатлар кўриб чиқилиб, натижаси юзасидан 10 кун ичида ёзма ахборот берилади. Бу каби механизмларнинг ишлаши натижасида 2020–2021 йилларда барча давлат ва хўжалик бошқаруви органларида коррупцияга қарши ички назорат тизимини («комплаенс-назорат») босқичма-босқич жорий этишга эришиш кўзда тутилган.
Умуман, коррупцияга қарши курашнинг умумэътироф этилган усулларидан бири ички назорат бўлиб, бунда бошқарув аппаратининг ўзида назоратни кучайтирувчи тузилмалар мавжуд бўлади. Бу тузилманинг асосий вазифаси ходимларнинг ички этикет қоидаларига риоя қилишини назорат қилишдир. Ҳозирги кунда бир қатор ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари қатори давлат солиқ хизмати тизимида ҳам айнан шу вазифани бажарувчи ички тузилма мавжуд. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мазкур тузилмалар билан Фармонда белгиланган меъёрлар асосида фаолият юритади.
Коррупция нафақат салбий иқтисодий оқибатларни, балки одамлар хавфсизлигига таҳдид соладиган уюшган жиноятчилик, терроризм ва бошқа ҳодисалар илдиз отиб, гуллаши учун шароит яратиб беради. Шу сабаб коррупцияга қарши кураш бир вақтнинг ўзида бошқа жиноятларга қарши курашни ҳам англатади. Бунинг нечоғли муҳим аҳамиятга эга эканини ҳар бир онгли инсон яхши тушунади. Фақатгина жиноий жавобгарликни оғирлаштириш йўли билан бу иллатга қарши курашиб бўлмаслиги маълум. Шу сабаб ҳуқуқий саводхонликни ошириш, фуқаролик институтлари фаолиятини кучайтириш, сиёсий партияларнинг мавқеини кўтариш, ОАВ эркинлигини кучайтириш тақозо этилади. Бу мақсадда Коррупцияга қарши кураш агентлиги ҳар йили миллий Ахборот тайёрлаб, уни ОАВда эълон қилиши ҳам Президент фармонида белгиланган.
Давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан йўл қўйилган ҳар қандай ноқонуний хатти-ҳаракат юзасидан вилоят Давлат солиқ бошқармасининг (72) 222-07-00 рақамли ишонч телефонига мурожаат қилишингизни сўраймиз.
Умуман, коррупцияга қарши курашга ҳар биримиз онгли равишда қўшилиб, бу мақсад йўлида бирлашиб, коррупцияга қарши кураш бўйича амалга оширилаётган давлат сиёсатида фаол иштирок этсаккина, кўзланган маррага янада яқинлашган бўламиз.
Улуғбек РАСУЛОВ,
Жиззах вилоят Давлат солиқ бошқармаси
Ўз хавфсизлиги бўлими бошлиғи.