Қонунбузарлардан қонунбузарликларга алоқадор руда ва ускуналар ҳужжатлаштириб олинди
Ғаллаорол туманида ички ишлар органлари ходимлари томонидан таркибида қимматбаҳо рангли металл парчалари бўлиши мумкин бўлган рудани талон-тарож қилиш билан боғлиқ қонунбузарликлар фош этилди.
Жумладан, Лалмикор маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи, 1988 йилда туғилган Ў.Ё.нинг турар жойи кўздан кечирилганида, молхонасида бир дона тош майдалашга мўлжалланган тегирмон, икки дона электродвигатель ҳамда 200 килограмм таркибида олтин зарралари бўлиши мумкин бўлган руда борлиги аниқланди.
Мазкур маҳаллада яшовчи 1976 йилда туғилган С.П.нинг молхонасидан ҳам тош майдалаш тегирмони, 2 та электродвигатель ва 176 килограмм таркибида олтин зарралари бўлиши мумкин бўлган руда топилди. Хонадон эгаси руда ва ускуналар шу туманнинг Молтоб қишлоқ фуқаролар йиғинида яшовчи, 1995 йилда туғилган И.Ф.га тегишли эканлигини билдирган.
Худди шу маҳаллада яшовчи, 1996 йилда туғилган Д.И. эса молхонасида тегирмон, 2 та электродвигатель ва 10 килограмм руда сақлаётгани аниқланди. Лалмикор маҳалласида яшовчи 1983 йилда туғилган М.Ш.нинг молхонасида ҳам 22 килограмм руда борлиги маълум бўлди.
Барча қонунбузарликларга алоқадор руда ва ускуналар ҳужжатлаштириб олинган. Ушбу ҳолатлар юзасидан Ғаллаорол тумани ички ишлар бўлими томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати