19 Май 2020 йил 799

“Қорадори - 2020”: Жиноятчилар фош этилмоқда

Айни вақтда республикамизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Жиззах вилояти ички ишлар органлари ходимлари томонидан “Қорадори - 2020” тадбирлари ўтказилаётир. Бу жараёнда гиёҳванд экинларни етиштириш, наркотик моддаларни истеъмол қилиш, ташиш, сақлаш билан боғлиқ жиноятлар фош этилмоқда.

Чунончи, Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан Зарбдор туманининг Ойбек маҳалласида яшовчи, 1955 йилда туғилган фуқаронинг томорқасида 561 туп марихуана етиштирилаётганлиги аниқланди. Ушбу фуқарога тегишли қўшимча иншоот текширилганида 292 грамм қуритилган марихуана ва 271 грамм заҳри қотил уруғлари олинган.    

Шунингдек, Бахмал тумани, Нурафшон маҳалласида яшовчи, 1970 йилда туғилган шахснинг турар жойи кўздан кечирилганида иккита полиэтилен идишда 85,52 грамм кўкнори гиёҳвандлик воситаси сақлаётганлиги аён бўлди. Янгиобод тумани, Янгиобод шаҳарча фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 1968 йил туғилган шахс эса ҳовлисидаги экинлари орасига 83 туп кўкнорини парваришлаб келган. Мазкур шахснинг ҳаммомидан 116 грамм кўкнор гиёҳвандлик моддаси топилди.

Вилоятнинг чўл туманларида эса фермер хўжаликлари далаларида қаровсиз ҳолда ўсаётган марихуаналар аниқланмоқда. Хусусан, Дўстлик тумани, Қосим Раҳимов номидаги сув истеъмолчилар уюшмаси таркибидаги фермер хўжалиги даласида 5 метр квадрат ерда 600 туп, Арнасой туманида Бухоро сув истеъмолчилари уюшмаси ҳудудидаги фермер хўжалиги экин майдонида 35 туп, Зафаробод туманидаги Зафаробод сув истеъмолчилари уюшмаси таркибидаги фермер хўжалиги даласида 20 туп марихуана йўқ қилинган.

Маълумот ўрнида айтиш керак, вилоятда содир этилган гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятларнинг 9 таси наркотик моддаларни ўтказиш, 18 таси гиёҳванд моддаларни сақлаш, 11 таси гиёҳванд экинларни экиш билан боғлиқ. Кўпчиликка маълумки, гиёҳванд моддалар жуда кўплаб касалликлар ва жиноятлар омили саналади.

Хуллас, ички ишлар органлари ходимлари балою офатларга сабаб бўлгувчи гиёҳвандликка оид жиноятларнинг олдини олишга астойдил киришганлар. Шу мақсадда гиёҳванд моддалар етиштирилиши, сақланиши, сотилиши, ташилиши мумкин бўлган манзиллар назорат остига олиниб, йўлларда рейдлар ташкил этилмоқда. Тунда фаолият кўрсатувчи овқатланиш ва хизмат кўрсатиш шохобчалари ҳам эътибордан четда қолдирилаётгани йўқ.

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати       

Text to speech