17 Сентябр 2020 йил 570

Оғзаки келишмовчилик муштлашувга айланди

 

Баъзида арзимаган сабаблар билан хунук воқеаларга сабаб бўлади. Мисол учун Жиззах вилояти Зарбдор тумани Пшағор қишлоқ фуқаролар йиғинида яшовчи, 1997 йилда туғилган Ў.Х. 1986 йилда туғилган маҳалладошини велосипедда йўл бермаганлиги учун мушт билан “сийлади”. Оқибатда Ў.Х.нинг ўмров суяги синди.

Шу тариқа маҳалладошлардан бири жабрланувчига айланди, бошқаси эса айбланувчи сифатида тергов қилинмоқда.

Яна бир воқеа. Нима бўлди-ю Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани Каттақишлоқ фуқаролар йиғинида яшовчи, 1997 йилда туғилган Н.А. поччасининг ота-онасини ҳақорат қилди. Шу туманнинг Ёшлик маҳалласида яшовчи, 1986 йилда туғилган почча С.Б. ҳамда унинг 1984 йилда туғилган акаси О.Б. буни ҳеч ҳам хазм қила олишмади. Улар масалани юзма-юз ҳал қилиш учун қайинука ошпаз бўлиб ишлайдиган овқатланиш шохобчасига йўл олишди.

Келиб чиққан оғзаки келишмовчилик муштлашувга айланди. Ўзини боса олмаган қайинука дастлаб поччасининг юрагига, сўнгра унинг акасининг биқинига ошхона пичоғи билан зарба берди. Ака-укани шифохона келтиришаётганида С.Б. ҳаётдан кўз юмди. О.Б. эса республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Жиззах филиалининг жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Бу пайтда айбланувчи қочиб кетди. Орадан бир кун ўтгач Жиззах вилояти ИИБ жиноят қидирув бошқармаси ходимлари уни яширинган жойида қўлга олишди.

Агарда қайсидир томон ўзини тутганида, жаҳлга эрк бермаганида, асосийси, келишмовчилар қонун йўли билан ҳал этилганида кимдир ҳаётдан кўз юммаган, яна кимдир шифокор қаровига муҳтож бўлмасди. Яна айримлар учун панжара соясидаги кунлар бошланмасди.    

  

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати

Text to speech