5 Август 2020 йил 572

Пандемия шароитида айни муддао

Мамлакатимиз Президентининг 2019 йил 8 январдаги “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бир қатор тизим вакиллари қаторида ички ишлар органлари ходимларининг жойлардаги муаммоларни ҳал қилишдаги иштироки ва масъулиятини ошириш учун хизмат қилди. Чунончи, соҳа ходимлари секторлар кесимида эҳтиёжманд фуқароларга мунтазам кўмак кўрсатмоқдалар.

Жумладан, 3- сектор масъуллари томонидан Жиззах вилоятининг Пахтакор туманидаги “Олтинкўл барака чеварлари” масъулияти чекланган жамиятига эҳтиёжманд оилаларнинг 12 нафар аъзоси пандемия даврида ишга жойлаштирилди. Худди шундай, “Пахтакор барака чеварлари” масъулияти чекланган жамиятига 9 нафар ишчи-ходим 3- сектор масъуллари тавсияси билан ишга олинди.

Ҳудуд аҳолисига ўзини ўзи банд қилиш бўйича ҳам ёрдам берилаётир. 3- сектор масъуллари кўмагида ўзини иш билан таъминлаганлар орасида Пахтакор тумани Боғишамол маҳалласи Турот Анқаев кўчасида яшовчи Шодмон Мақсадов ҳам бор.  

— Ёшим 60 дан ўтгач, пенсия билан боғлиқ муаммога дуч келишим тайин эди, — дейди Шодмон Мақсадов. — Пахтакор тумани ИИБ раҳбарлари шароитимизни ўрганиб, ўзини ўзи банд қилиш йўлларини тушунтиришди. Уларнинг тавсияси билан банкка 111 минг 500 сўм тўладим ва йиллик стажга эга бўлдим. Қолаверса, сектор масъуллари тавсияси асосида томорқамда иссиқхона қуриб берилди, энди даромадим ошиши тайин. Ички ишлар органлари ходимлари барака топишсин, қизимни қўшни Дўстлик туманидаги тикувчилик корхонасига ишга жойлаб қўйишди.

Пахтакор туманида ички ишлар органлари ходимлари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида 3- сектор ҳудудидаги Боғишамол, Дилором, Мингчинор, Нурли Пангат қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинларида яшовчи эҳтиёжманд оилаларга ҳамкор ташкилотлар билан бирга 311 маротаба 87 миллион сўмлик озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўринишида ижтимоий ёрдам кўрсатилган.

— Жорий йилнинг ўтган даврида биз томонимиздан сектордаги эҳтиёжманд оилаларнинг 494 нафар вакили ишга жойлаштирилди, — дейди Пахтакор тумани ИИБ ташкилий бўлинмаси бошлиғи, 3- сектор котиби, катта лейтенант Ғанишер Эшонқулов. — 20 та оилага субсидия ҳисобидан иссиқхона қуриб берилди. 3 та оилага эса тикув машинаси ажратилди. Худди шундай, эҳтиёжманд оилаларга иккинчи экин экиш учун ғалладан бўшаган майдонлардан ер ажратилаяпти. 75 кишининг ўзини ўзи банд қилиши таъминланди.

Яхши маълумки, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш ҳамда бандликни таъминлаш ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади. Шу маънода, бош вазифаси жиноятчиликка қарши курашиш бўлган ички ишлар органлари ходимлари секторларда фаолият самарадорлигига алоҳида эътибор қаратмоқдалар. 

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати.

Text to speech