Пиротехника воситаси билан боғлиқ қонунбузарликларга чек қўйилмоқда
Ички ишлар органлари ходимлари томонидан пиротехника воситаларини ноқонуний сотиш, сақлаш ва фойдаланиш билан боғлиқ қонунбузарликларнинг олдини олиш чоралари кўрилмоқда. Чунончи, соҳа вакиллари Жиззах шаҳрининг Халқобод маҳалласида яшовчи А.У.нинг 6000 та кучли овоз чиқарувчи пиротехника воситасини сотиш мақсадида сумкасида олиб юрганлигини аниқладилар.
Мазкур маҳалла ҳудудида Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани Олакўйлак маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Н.Н. тўхтатиб, текширилганида сумкасидан 6120 дона пиротехника воситаси топилди. У ҳам пақиллоқларни сотишни ният қилган.
Вилоятнинг Пахтакор тумани Янги тошкентлик маҳалласида яшовчи Б.И.дан эса 4400 дона пиротехника воситаси олинган. Дўстлик туманидаги Манас-14 йўл-патруль хизмати масканида Самарқанд вилояти Жомбой тумани Бешбола маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Ў.А. бошқарувидаги “Nexia” тўхтатиб, текширилганида автоулов юкхонасида 6600 дона пиротехника воситаси борлиги маълум бўлди. Ушбу ҳолатлар юзасидан тегишли тартибда суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати