29 Январ 2021 йил 778

Пробация гуруҳи назоратидаги маҳкумлар шартли равишда озод қилинди

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси пробация бўлими томонидан Зарбдор туманида бир қатор тадбирлар ўтказилди. Хусусан, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ўтаётган маҳкумлар иштирокида йиғилиш, суд ва бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси уюштирилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 ноябрдаги “Жиноят ижроия қонунчилигини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги карорининг бажарилишига бағишланган йиғилишда назоратдаги шахсларга жазо ўташ тартиб-қоидалари, шарт-шароитлари ва суд ҳукмни тўлиқ бажариш, уларнинг ҳуқуқ ҳамда мажбурятлари, муносиб хулқ-атворда бўлиш, қонунларга итоат қилиш, жамиятда юриш-туриш қоидалари билан боғлиқ тушунтиришлар берилди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, бугунги кунда Зарбдор тумани ички ишлар органлари пробация гуруҳи ҳисобида жами 145 нафар маҳкум жазо ўтамоқда. Улардан 57 нафари муддатидан олдин шартли озод этилган, 52 нафари ахлоқ тузатиш ишига хукм қилинган, 18 нафари муайян хуқуқдан маҳрум қилинган, 3 нафар шартли синов, 15 нафари озодликни чеклаш жазосини ўтаётган шахслар ташкил этади. Ўтган 2020 йил давомида жами 169 нафар маҳкум ҳисобга олинган. Улар билан профилактик суҳбатлар ўтказилиб ишга жойлаштирилди. Бундан ташқари, Жиноят ишлари бўйича Зарбдор туман суди томонидан муддатидан олдин жами 85 нафар маҳкумлар шартли равишда озод этилди. Шунга қарамасдан 12 ой давомида жазодан бўйин товлаб юрган 3 нафар маҳкумнинг аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси озодликдан маҳрум қилиш жазо тури билан алмаштирилди. 

Шу куни Жиноят ишлари бўйича Янгиобод туман суди томонидан ўтказилган судда тузалиш йўлига ўтиб, қонунларга итоаткор муносабатда бўлган назорат остидаги шахсларнинг тўрт нафари муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.

Назоратдаги шахслар бандлигини таъминлаш, муайян касб-ҳунарга эга маҳкумларни мутахассисликлари бўйича ишга жойлаштириш мақсадида, “Ишга марҳамат” тадбири ҳам ташкил қилинди. Тадбирда тумандаги йирик ишлаб чиқариш корхоналари, ташкилот ва муассасаларидаги мавжуд бўш иш ўринлари хусусида маълумотлар берилди.

Бу каби тадбирлар назорат остидаги шахсларни ижтимоий ҳаётга мослаштириш, уларнинг муаммоларини чуқурроқ ўрганган ҳолда тузалиш йўлига ўтиши ва жамиятда ўз ўринларига эга бўлишларига замин яратади.

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати

Text to speech