15 Июн 2020 йил 613

Томорқачиликни ривожлантиришда маҳалладошларига ўрнак бўлаётган профилактика инспектори

Сўнгги йилларда мамлакатимизда томорқадан самарали фойдаланишни рағбатлантириш, бу йўналишдаги маданиятни юксалтириш чоралари кўрилаётир. Жумладан, республикамиз Президентининг 2018 йил 26 апрелдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори аҳолининг томорқадан унумли фойдаланиши учун уруғ, кўчат, техника ва бошқа воситаларни етказиб бериш, суғориш тизимларини юзага келтириш, томчилатиб суғоришни жорий этиш каби масалаларни ҳал қилиш тизимини шакллантириш учун хизмат қилди.

Ушбу ҳуқуқий ҳужжатда сектор раҳбарлари ўз ҳудудларида томорқалардан талаб даражасида фойдаланилишига масъул эканликлари кўрсатиб ўтилган. Шу сабабли ички ишлар органларининг раҳбар ва ходимлари бу йўналишдаги тадбирларда фаол иштирок этмоқдалар. Айниқса, профилактика инспекторлари қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларининг ҳуқуқ-тартибот масалалари бўйича ўринбосарлари сифатида томорқачиликни ривожлантиришга катта ҳисса қўшишаяпти.

Чунончи, Жиззах шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасининг ички ишлар органлари 1-сонли таянч пункти профлактика инспектори, лейтенант Жонибек Ҳайитов “Олмазор” маҳалласи аҳлига ибрат бўлаётир. Профилактика инспекторининг хизмат уйида бўлсангиз, кичиккина томорқасида картошка, помидор, бодринг, бақлажон, пиёз, қалампир ҳамда 4 хил турда кўкат етиштирилаётганлигига гувоҳ бўласиз. Жорий йил кўтарилган илк ҳосил 40 килограмм картошка бўлди. Бўшаган майдонга яна картошка уруғи қадалган. Помидор ва бодринг ҳам ҳосилга кирган. Худди шундай, 4 хил турда гул ўстирилмоқда. Қисқаси, бир қарич бўш жой йўқ, деган жумлани лейтенантнинг томорқасига нисбатан иккиланмасдан қўллаш мумкин.

Проилактика инспектори бу йил қишда экиндан бўшаган томорқа майдонига тўлалигича плёнка остида саримсоқ пиёз, сабзи, пиёз ва кўкатлар етиштиришни режалаштирган. Шунингдек, ҳовлимнинг бетон қопланган қисмида тувакларда 50 туп бодринг ва 50 туп помидор етиштиришни мўлжаллаяпти.

Маълумот ўрнида айтиш керак, жорий йилнинг ўтган даврида “Олмазор” маҳалласи ҳудудида фақат битта жиноят қайд қилинди. Гиёҳванд модда сақлаш билан боғлиқ мазкур қонунбузарликни профилактика инспектори Жонибек Ҳайитов фош этган. Ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар натижаси ўлароқ сўнгги йилларда маҳаллада жиноятчиликни кескин камайтиришга эришилди.

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати

Text to speech