9 Сентябр 2020 йил 659

Профилактика инспекторига пора беришга уринган фуқаро қўлга олинди

Жаҳлни жиловлай олмаслик инсонни турли балоларга гирифтор этиши исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат. Бу ҳақиқатни Жиззах шаҳрининг Ўратепалик маҳалласида яшовчи, 1966 йилда туғилган фуқаро ўз танасида синаб кўрди. Нима бўлди-ю, у Жиззах шаҳрининг Иттифоқ маҳалласида яшовчи, 1999 йилда туғилган аёлни жамоат жойида ҳақоратлаб, “Матиз”ига ўтирганча жўнаб қолди.

Табиийки, жабрланувчи ҳолат юзасидан Жиззах шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасига мурожаат қилди. Аризани кўриб чиқиш ҳудуд профилактика инспекторига топширилди. Инспектор қизи тенги аёлни уятли сўзлар билан сийлаган эркакни унга тегишли “Матиз”нинг давлат рақам белгилари орқали жуда тез топди.

Ички ишлар органлари ходими билан суҳбат давомида сўконғич айбини тан олиб, жаҳлини жиловлай олмаганлигини билдирди. Худди шундай қилмишидан пушаймон эканлигини маълум қилиб, унга нисбатан тўплаган маъмурий ҳуқуқбузарлик ишини судга юбормасдан тугатишни сўради. Аниқроғи, ишни ёпиш учун қонун посбонига 500 минг сўм пора таклиф қилди.

Табиийки, ички ишлар органлари ходими фуқаронинг бу хатти-ҳаракати қонунга зид эканлигини тушунтирди. У бўлса, “Олмайдиган одам бу дунёда йўқ” деганча ходимга пул тиқиштиришда давом этди.

Ўз навбатида профилактика инспектори ҳолатни Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси раҳбариятига баён қилди. Ушбу маълумот асосида Ички ишлар вазирлиги Ўз хавфсизлиги бошқармасининг Жиззах вилояти бўйича бўлими ҳамда прокуратура ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир уюштирилди ва ички ишлар органлари таянч пунктида инспекторга 475 минг сўм пора берган фуқаро қўлга олинди.

Воқеа айбланувчи нисбатан тегишли тартибда жиноят иши қўзғатилиши билан ривожланди. Қисқаси, бир хато иккинчисини келтириб чиқарди. Эркак жаҳлини жиловлай олганида бу ташвишларнинг ҳаммаси йўқ эди. Айбланувчи, маъмурий ҳуқуқбузар, жиноятчи, деган сўзлар унга бегоналигича қолаверарди.

Ёмон сўз бошга бало келтиради, деганлари шу бўлса керак.               

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати

Text to speech