1 Июл 2020 йил 887

Профилактика инспекторининг томорқаси

       Халқимиз учун томорқа қўшимча даромад манбаи, оилани экологик тоза маҳсулотлар билан таъминлаш имконияти ҳисобланади. Шу маънода, юртдошларимиз ердан 2-3 маротаба ҳосил олиш усул ва воситаларидан кенг фойдаланишга интиладилар. Қолаверса, дунё аҳолиси сонининг ортиши томорқани озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг омилларидан бирига айлантирди.

         Мазкур жиҳатлар эътиборга олинган ҳолда сўнгги йилларда мамлакатимизда томорқадан самарали фойдаланишни рағбатлантириш, бу йўналишдаги маданиятни юксалтириш чоралари кўрилаётир. Жумладан, республикамиз Президентининг 2018 йил 26 апрелдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори аҳолининг томорқадан унумли фойдаланиши учун уруғ, кўчат, техника ва бошқа воситаларни етказиб бериш, суғориш тизимларини юзага келтириш, томчилатиб суғоришни жорий этиш каби масалаларни ҳал қилиш тизимини шакллантириш учун хизмат қилди.

      Ушбу ҳуқуқий ҳужжатда сектор раҳбарлари ўз ҳудудларида томорқалардан талаб даражасида фойдаланилишига масъул эканликлари кўрсатиб ўтилган. Шу сабабли ички ишлар органларининг раҳбар ва ходимлари бу йўналишдаги тадбирларда фаол иштирок этмоқдалар. Айниқса, профилактика инспекторлари қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларининг ҳуқуқ-тартибот масалалари бўйича ўринбосарлари сифатида томорқачиликни ривожлантиришга катта ҳисса қўшишаяпти.

     Чунончи, Жиззах шаҳар ИИОФМБ ички ишлар органлари 1-сонли таянч пункти профлактика инспектори, лейтенант Жонибек Ҳайитов “Олмазор” маҳалласи аҳлига ибрат бўлаётир. Профилактика инспекторининг хизмат уйида бўлсангиз, кичиккина томорқасида картошка, помидор, бодринг, бақлажон, пиёз, қалампир ҳамда 4 хил турда кўкат етиштирилаётганлигига гувоҳ бўласиз. Жорий йил кўтарилган илк ҳосил 40 килограмм картошка бўлди. Бўшаган майдонга яна картошка уруғи қадалган. Помидор ва бодринг ҳам ҳосилга кирган. Худди шундай, 4 хил турда гул ўстирилмоқда. Қисқаси, бир қарич бўш жой йўқ, деган жумлани лейтенантнинг томорқасига нисбатан иккиланмасдан қўллаш мумкин.

         — Маҳалла ҳудудида профилактика инспекторининг хизмат уйи билан таъминланиши аҳолига қатор қулайликларни туғдиради, — дейди Жонибек Ҳайитов. — Хусусан, аҳоли сутканинг исталган вақти ички ишлар органлари вакилига мурожаат қилиш имконига эга бўлди. Профилактика инспекторларининг ўзлари эса ижарада яшаш ташвишидан қутилдилар. Соҳа вакиллари оилавий ишлари билан шуғуланиш учун кўпроқ вақтга эга бўлишди. Худди шундай, томорқадан ҳам самарали фойдаланиш шароити юзага келди. Мисол учун томорқам кичик бўлса-да ўтган йили 11 туп олма, ўрик, хурмо, гилос ва олча кўчатлари экдим, келаси йил ҳосилга киради. Шунингдек, хизмат уйим ёнидаги бўш турган ташландиқ жойни тозалаб, 10 туп мевали дарахт кўчатлари ўтқаздим. Тез ҳосилга кирадиган навларни танлаганман. Бу йил қишда экиндан бўшаган томорқа майдонига тўлалигича плёнка остида саримсоқ пиёз, сабзи, пиёз ва кўкатлар етиштирмоқчиман. Шунингдек, ҳовлимнинг бетон қопланган қисмида тувакларда 50 туп бодринг ва 50 туп помидор экишни режалаштирдим. Бунинг учун девор бўйлаб ип тортиб чиқаман, яъни, кўчатлар ипга чирмашиб ўсади, кўп жой эгалламайди. Хуллас, ҳамма турдаги мева ва полиз маҳсулотларини ҳовлимда етиштириш чораларини кўраяпман.

    Профилактика инспектори маҳалла фаоллари билан биргаликда “Олмазор” маҳалласи аҳлини томорқадан унумли фойдаланишга ундамоқда. Бу ишнинг шахсий ибрат йўли билан амалга ошираётгани тарғиботнинг ишончли ва самарали бўлишини таъминлаётир. 

         Маълумот ўрнида айтиш керак, жорий йилнинг ўтган даврида “Олмазор” маҳалласи ҳудудида фақат битта жиноят қайд қилинди. Гиёҳванд модда сақлаш билан боғлиқ мазкур қонунбузарликни профилактика инспектори Жонибек Ҳайитов фош этган. Ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар натижаси ўлароқ сўнгги йилларда маҳаллада жиноятчиликни кескин камайтиришга эришилди.     

  

А. Абдусатторов.

Text to speech