Сайёр қабулда муаммоларга еичм изланди
Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодировнинг навбатдаги сайёр қабули Жиззах шаҳрида ўтказилди. Қабул аввалида бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Тадбирда ҳудудда фаолият кўрсатаётган корхона ва ташкилот ҳамда муассасалар мавжуд иш ўринлари билан иштирок этишди.
Иш излаб юрган фуқаролар мутахассисликлари бўйича маълумот олиш ва меҳнат шартномаси тузиш имконига эга бўлишди. Сектор раҳбари дастлаб ушбу ярмарка ҳамда ҳунарманд ва тадбиркорлар ишлаб чиқарган маҳсулотлар кўргазмаси билан танишди. Ўзини ўзи банд қилиш учун субсидия асосида тикув мошинкаси ажратилган 9 нафар хотин-қизлар билан суҳбатлашди. Шунингдек, 4 нафар юртдошимизга тадбиркорлик фаолиятини бошлашлари учун кредит маблағи ажратилганлиги, бир неча ёшларга олий таълим учун шартнома пулларининг маълум қисми, сафарбарлик чақирув резервида хизмат ўташ учун тўлов ўтказилганлиги ҳақидаги сертификатлар топширилди. 16 ёшга тўлган 4 нафар ёшларга ID karta ва бир гуруҳ фаол ёшлар фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.
3- сектор раҳбарининг сайёр қабулида фуқаролар томонидан уй-жойини таъмирлаш, ички йўлларини шағаллаштириш, кўп қаватли уйларга видеокузатув ўрнатиш, ўзини ўзи банд қилиш учун субсидия ажратилиши, бетон таянч устунлари ўрнатиш, уй билан таъминлашга оид мурожаатлар баён қилинди. Бундан ташқари, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун имтиёзли кредит ажратилиши, пул маблағларини қайтариб олиш, чиқиндиларни олиб кетмаслик, бандлик ва болалар майдончаси қуриш, шартнома тўловларини тўлаш каби 40 га яқин масалаларни ҳал этишда амалий ёрдам сўралди. Ҳар бир муаммо масъуллар иштирокида муҳокама қилиниб, ижросини таъминлаш бўйича мутасаддиларга вазифалар юклатилди. Қабулда бир неча фуқаролар мурожаатлари ижобий ҳал этилгани учун миннатдорчилик ҳам билдиришди.
Сайёр қабулдан сўнг вилоят ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғ.Қодиров кўтарилган муаммоларнинг айримларини мутасаддилар билан бирга жойига чиқиб ўрганди. Хусусан, турар жойини таъмирлаш юзасидан мурожаат қилган Зилол маҳалласида яшовчи Тоҳир Аллабердиевнинг хонадонига борилиб, тез кунларда ёрдам кўрсатишга келишиб олинди. 3- сектор раҳбарининг сайёр қабуллари режа асосида ҳудудларда мунтазам ўтказилмоқда.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати