22 Июн 2020 йил 625

Сайёр қабулдан сўнг муаммо ижобий ечим топди

Шароф Рашидов туманидаги Қора янтоқ маҳалласида яшовчи Анвар Саидазимов маҳалладошлари билан бирга ҳудудда электр таъминотини яхшилаш юзасидан қатор ташкилотларга бир неча марта мурожаат этган. Аммо муаммога вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, 3- сектор раҳбарининг сайёр қабулидан сўнггина ечим топилди.

Қора янтоқ маҳалласининг Қамбаровул кўчасига Шароф Рашидов тумани электр тармоқлари корхонаси томонидан 15 та бетон устун ҳамда янги трансформатор ўрнатилди. Шунингдек, 1 минг 700 метр узунликда электр тармоқлари тортилди. Бу ишларни бажаришга 6 нафар ишчи ва 4 та махсус техника жалб қилинган. Мутахассислар таъкидига кўра, 105 миллион сўмлик иш бажарилган.

Айтганча, Қамабаровулда электр қувватига талаб ортишининг асосий сабаби ҳудудда аҳоли турар жойларининг кўпаяётгани ҳамда совуқ фаслларда иситиш тизимларига эҳтиёжнинг кучайишидир. Нима бўлганда ҳам эндиликда маҳалла аҳлининг бу борада муаммоларга дуч келмаслигига ишончи комил.

Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, 3- сектор раҳбари Ғайрат Қодировнинг сайёр қабуллари жойларда мунтазам уюштирилаётир. Сектор раҳбарлари томонидан ўтказилаётган бу каби тадбирлар аҳолини қийнаётган муаммо ва масалаларни ҳал этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

 

Жиззах вилоят ИИБ ахборот хизмати

Text to speech