19 Январ 2022 йил 759

Сайёр судда 16 нафар маҳкум шартли озод қилинди

Жиззах шаҳар ички ишлар бошқармаси пробация гуруҳи томонидан очиқда жазо ўтаётган маҳкумларни ижтимоий мослаштириш, бандлигини таъминлаш, мавжуд муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, профилактик тадбирларда ўнгланиш йўлига ўтган маҳкумларни муддатидан олдин шартли равишда озод қилиш чоралари кўрилаяпти.

Жиззах давлат педагогика институтида ўтказилган профилактик тадбир аввалида ҳам ахлоқ тузатиш, шартли ҳукм қилинган, муайян ҳуқуқдан маҳрум ва озодликни чеклаш жазосини ўтаётган шахслар суд томонидан белгиланган чекловларга қатъий амал қилишлари зарурлиги уқтирилди. Шунингдек, ўтган 2021 йил давомида ҳудудда пробация гуруҳи ҳисобида жазо ўтаётган маҳкумлар томонидан содир этилган қонунбузарликлар, инсонпарварлик тамойиллари асосида муддатидан олдин шартли озод қилинганлар хусусида маълумот берилди ва қонунчиликка киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар ҳам маълум қилинди. Тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишлари учун кредит маблағи ва субсидия олиш тартиблари тушунтирилди.

Шундан сўнг, жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар суди томонидан сайёр суд мажлиси ўтказилди.

Айтиш жоиз, иши кўрилган маҳкумларнинг аксарияти тузалиш йўлига ўтиб, меҳнатга халол муносабатда бўлиб келган. Суд ажрим чиқаришда ана шу омилларни ҳисобга олди ва 16 нафар ахлоқ тузатиш, озодликдан чеклаш каби жазони ўтаётган шахслар муддатидан олдин шартли равишда озод қилинди. Бир нафар маҳкум юклатилган мажбуриятларни бажармасдан, тартиб ва қоидага амал қилмаганлиги боис шартли синов муддати озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилди.

Тадбир давомида Жиззах шаҳар ички ишлар бошқармаси ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими хотин-қизлар масалалари бўйича инспектори пробация гуруҳи назоратида турган аёллар билан уларнинг муаммоларини ҳал этиш нуқтаи назаридан суҳбат уюштирди.

Бундан ташқари, Жиззах шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ташкил этилди ва 4 нафар маҳкумлар ишга жойлаштирилди.

Шунингдек, психологлар назорат остидаги шахслар билан суҳбатлашишди. Ўзаро мулоқот чоғида маҳкумларнинг ҳаракатер хусусиятлари, руҳияти ўрганилиб, тегишли тавсиялар берилди.

Text to speech