Санъатсеварлар беллашди
Жиззах давлат педагогика институти маданият саройида Жиззах вилояти ички ишлар органлари ходимлари ўртасида “Санъатда ҳаваскор истеъдодлар” республика кўрик-танловининг ҳудудий саралаш босқичи бўлиб ўтди. “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик” шиори остида ташкил этилган мазкур танловда ҳаваскорлар қўшиқчиликнинг замонавий эстрада, классик мусиқа чолғу асбобларини чалиш ҳамда миллий мусиқа чолғу асбобларини чалиш йўналишларида ўз истеъдодларини намойиш этдилар.
Иштирокчиларнинг иқтидори Жиззах давлат педагогика институти мусиқий таълим факультети, Жиззах педегогика коллежи, Ўзбекистон ёзувчилари уюшмаси Жиззах вилояти бўлими мутахассислари томонидан баҳоланди. Шундай қилиб, кўрик-танловнинг замонавий эстрада йўналишида Жиззах вилояти ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғининг ўринбосари – хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим бошлиғи, майор Сайёра Холмирзаева, классик мусиқа чолғу асбобларини чалиш йўналишида Жиззах вилояти ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси манзил-маълумотлар бюроси ЭҲМ оператори, сафдор Баҳодир Турдонов, миллий мусиқа чолғу асбобларини чалиш йўналиши бўйича Жиззах вилояти ИИБ Бахмал тумани ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси таянч пунктлари профилактика инспектори, катта лейтенант Санжар Мустафоев ғолиб бўлди.
Кўрик-танлов якунида ўз истеъдодлари билан ҳакамлар эътиборини қозонган санъатсевар ходимлар диплом ва совғалар билан тақдирланди. Айтганча, энг юқори натижага эришганлар кўрик-танловнинг республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритдилар.