Сектор раҳбари аҳоли муаммоларини ҳал этиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди
Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров Ғаллаорол туманининг Гулчамбар ва Қипчоқсув қишлоқ фуқаролар йиғинларида бўлиб, аҳоли муаммоларини ҳал этиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Бу жараёнда йўлларни созлаш ва электр таъминотини яхшилаш юзасидан ҳокимлик, вилоят ва туман йўл қурилиш ташкилотлари раҳбарлари билан мулоқот ўтказди.
Сектор раҳбари Жарбулоқ қишлоғидаги 50- сонли ўрта умумтаълим мактаби шароитларини ҳам кўздан кечирди. Ўз навбатида Ғаллаорол тумани ҳокими Жалолиддин Оқбоев ўқув муассасасини капитал таъмирлаш чоралари кўрилишини билдирди. Шу куни вилоят ИИБ бошлиғи томонидан гулчамбарлик Севара Кенжаевага тикув машинаси топширилди. Севара Кенжаева 3- сектор раҳбари томонидан Қипчоқсувда ўтказилган сайёр қабулда кўмак сўраганди.
Сўнг Гулчамбар қишлоғидан ўтган 14 километрлик таъмирга муҳтож Зармитан йўли ҳамда Солин қишлоғида қурилаётган бетон йўл кўздан кечирилди. Маълумот ўрнида айтиш керак, 3- сектор раҳбарининг ташаббуси билан ҳудуддаги аҳоли пунктларига электр устунлари ўрнатиш ва тармоқ тортиш ишлари жадаллашди. Жумладан, ўтган 15 кунда Гулчамбар қишлоқ фуқаролар йиғинида 235 та устун ҳамда 2 та трансформатор ўрнатилган, 6 километр узунликда тармоқ тортилган.