14 Июн 2022 йил 649

Сектор раҳбари Нурафшонда сайёр қабул ўтказди

“Обод маҳалла” дастури доирасида Бахмал тумани 3- сектор ҳудудидаги маҳаллаларда қатор ишлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда асосий эътибор инфратузилмани янада яхшилаш, хусусан йўл қурилиши, электр таянчларини алмаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғ. Қодиров Бахмал туманида ўтказган сайёр қабули аввалида Нурафшон маҳалласининг Тонготар қишлоғида олиб борилаётган йўл қурилиши ишларининг бориши билан танишди. Шу ерда туман масъуллари, маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари билан суҳбатда бўлиб, мутасаддиларга ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари яратиш бўйича топшириқлар берди.

Сайёр қабул аввалида эса бир нафар фуқарога ногиронлик аравачаси, “Аёллар дафатри”да рўйхатда турган 4 нафар хотин-қизларга микротўлқинли печ, 4 кишига газ плиталари, бир неча фуқарога озиқ-овқат маҳсулотлари, 16 ёшга тўлган 4 нафар шахсларга Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини тасдиқловчи ID карталар топширилди. Шунингдек, 5 нафар ташаббускор ёшлар “Фахрий ёрлиқ” билан тақдирланди.

36- ўрта умумтаълим мактабида ўтказилган сайёр қабулда туманнинг Нурафшон, Тонготар, Гулобод маҳалла ва қишлоқлари аҳолиси мавжуд муаммоларини бартараф этишда амалий ёрдам сўрашди. Хусусан, электр таянч устунларини алмаштириш, оқар сув ва ичимлик суви билан таъминлаш, кўчаларга шағал ётқизиш, сел оқибатида яроқсиз ҳолга келган кўприкни соз ҳолатга келтириш, саломатлигини тиклаш, имтиёзли кредит ажратилиши, суюлтирилган газни етказиб беришдаги муаммоларни бартараф этиш, трансформаторни алмаштириш, уй-жой қурилишида кредит ажратилиши, алиментни ундириш, ишга жойлашиш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ қатор масалалар баён қилинди.

Қабулда кўтарилган ҳар бир масала мутасадди ташкилотлар масъуллари иштирокида кўриб чиқилиб, ижросини таъминлашга қаратилган вазифалар юклатилди.

Қисқаси, аҳоли, хусусан ёшлар билан мулоқотда билдирилган таклиф ва мулоҳазалар, кўтарилган муаммолар асосида ҳудуд аҳолиси турмуш шароитини янада яхшилашга оид чоралар белгилиб олинди.

Text to speech